Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу лойиҳалар амалга оширилса, «яшил» энергиянинг жами генерациядаги улуши 54 фоизга етказилади. Бу нафақат миллий энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлайди, балки табиат муҳофазаси ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳам муҳим омил бўлади.

Маълум қилинишича, бугуннинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 3,5 минг мегаватт бўлган, қиймати 3 миллиард 300 миллион долларга тенг “яшил” энергетика лойиҳаларига старт берилмоқда. Президент буни белгиланган мақсад сари ташланган катта амалий қадам сифатида баҳолади.

Янги қувватларни ягона энергетика тизимига боғлаш учун юқори кучланишли 6 минг километр электр тармоқлари тортилади.

Хусусан, келгуси йилнинг ўзида 1 минг километр юқори кучланишли тармоқлар барпо этилади, подстанцияларда 6 минг мегаватт қўшимча қувватлар яратилади.

Президент таъкидлаганидек, бу ишлар янги қурилаётган қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларини тизимга барқарор улаш, истиқболда ортиб борадиган саноат ва аҳоли истеъмолини ишончли ва узлуксиз энергия билан таъминлашга хизмат қилади.