Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москва суди DW собиқ журналистларига чиқарилган ҳукмни кучда қолдирди
Москва шаҳар суди DW билан ҳамкорлик қилган Сергей Карелин ва SotaVision журналистлари Антонина Фаворская, Константин Габов ҳамда Артём Кригернинг апелляциясини рад этиб, уларга «экстремистик жамоада иштирок этиш» айблови бўйича берилган 5,5 йиллик қамоқ жазосини кучда қолдирди, адвокатлар ишда жиноят таркиби йўқлигини таъкидламоқда.
Фото: Igor Ivanko/Kommersant Photo/Sipa USA/picture alliance
Москва шаҳар суди «экстремистик жамоада иштирок этиш» иши бўйича айбдор деб топилган тўрт россиялик журналист — Антонина Фаворская, Константин Габов, Сергей Карелин ва Артём Кригерга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Пайшанба, 4 декабр куни, суднинг уч нафар судядан иборат ҳайъати ёпиқ тартибда ўтган мажлисда уларнинг апелляция шикоятини рад этди.
Кутилишича, яқин вақт ичида улар жазони ўташ учун тергов ҳибсхонасидан колонияларга ўтказилади. Габов ва Карелин Россиянинг Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги уруши бошланишидан аввал турли вақтларда Deutsche Welle (DW) билан, кейин эса Associated Press ва Reuters агентликлари билан ҳамкорлик қилган. Фаворская ва Кригер эса Россиянинг SotaVision мустақил нашри журналистлари бўлган.
Габовнинг ҳимоячиси Ирина Бирюкова DW'га берган баёнотида, ҳукм чиқарилган бирор журналист жиноят содир этмаганини, чиқарилган ҳукм эса ноқонуний эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, улар ҳеч қандай «экстремистик» фаолиятда иштирок этмаган, фақат ўз касбий мажбуриятларини бажарган, холос.
«Бизга кўра, бирламчи суд ва апелляция судига тақдим этилган иш материалларида бу журналистлардан бирортаси томонидан жиноят содир этилганини исботловчи ҳеч қандай далил йўқ», — деб қўшимча қилди адвокат.
Бирюкова, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлиши учун ҳукм устидан Россияда барча қонуний йўллар орқали шикоят қилиш нияти борлигини билдирди.
У, бундан ташқари, Константин Габов қаттиқ стресс ҳолатида эканини айтди — у ҳукм енгиллашишига умид қилган. Шунингдек, ҳимоясидаги шахс Россия ва АҚШ ўртасида маҳкумлар алмашинуви рўйхатига киритилишига ҳам умид боғлагани таъкидланди. «У одамлар улар ҳақида гапиришда давом этишини сўради, акс ҳолда уларни бирорта алмашинув рўйхатига қўшишмайди. У шу умидга ёпишиб турибди», — деди Бирюкова.
2025 йил апрелида Москвадаги Нагатинский туман суди тўрт журналистни Россияда «экстремистик» деб тан олинган Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) фаолиятидаги «иштироки» учун беш йил-у олти ой озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилган. «Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси айбланувчиларни сиёсий маҳбуслар, деб эътироф этган.
Иш фигурантлари айбловларни рад этиб, ФБКда ишламаганини, унинг фаолиятини фақат журналист сифатида ёритганини таъкидлаб келмоқда.
Чиқарилган ҳукм халқаро танқидни келтириб чиқарди. DW бош директори Петер Лимбург суд қарорини Россия ҳокимиятининг қонун устуворлиги тамойилига нисбатан эътиборсиз муносабати бўйича навбатдаги мисол сифатида баҳолади.
«Тўрт журналистга ҳукм чиқариш орқали Россия ўзини ҳуқуқий давлат эмаслигини кескин тарзда намоён этмоқда. Россия режими бор кучини ишга солиб, фактларни бузиб кўрсатишга, жасур журналистларни эса гўё жуда оғир жиноятчилар сифатида судга тортишга ҳаракат қилмоқда», — деди Лимбург.
Журналистик фаолиятни жиноят деб баҳолаш Россияда мустақил ОАВ ишларини амалда хавф остига қўяди, деб таъкидлади «Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders, RSF) ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлим раҳбари Жанна Кавеле.
Унинг эслатишича, Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги уруш бошланганидан сўнг Россияни 1500 дан ортиқ медиа вакиллари тарк этган, мамлакат қамоқхоналарида эса ҳозирги кунда ўнлаб журналистлар сақланмоқда.
2025 йил май ойида Россия RSF'нинг матбуот эркинлиги рейтингида тарихдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди — 180 мамлакат орасида 171-ўринни эгаллади.
Мавзуга оид
17:19 / 14.11.2025
Бойларни ром этган мегаполислар. Миллиардерлар асосан қайси шаҳарларда яшайди?
12:34 / 03.11.2025
Москвада мигрантлар патенти нархи кўтарилади
09:40 / 30.10.2025
Москвадаги портлаш иши: Ўзбекистон банкининг собиқ ходими айбини тан олди
20:56 / 25.10.2025