Агар яқин кунларда сиз бирор мулк, дейлик автомобил, уй сотиш ниятида бўлсангиз ёки нақд шаклдаги бошқа йирик ҳисоб-китобларни режалаштираётган бўлсангиз, долларнинг ҳақиқийлигини қандай текшириш кераклигини билишингиз муҳим ва биз бу борада билганларимизни сиз билан бўлишамиз.

Ҳақиқийми, сохта эмасми?

Айирбошлаш ёки савдода кўп гувоҳи бўлганимиз 50 ёки эски намунадаги 100 номиналдаги АҚШ доллари билан муомала қилинганда аксар ҳолларда “Сохта эмасми?” деб хазил аралаш савол сўралади. Бунинг сабаби Ўзбекистонга хориждан кирган сохта валюталар қаторида мамлакатимизда ҳам пулни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятлар сонининг кўплиги.

Сохта пуллар асосан ранглар политраси кам ишлатилган купюраларда кўпроқ учрайди, лекин жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, валюта бирликлари номинали қанча катталашган сари, ҳимоя элементлари сони кўпайиб бораверади.

Сохта хорижий валюталар кўпинча давлатларга контрабанда йўллари билан, қўл багажи ҳисобланган “почта”лар ёрдамида ёки қалбакисини ҳақиқийсига сотиш орқали муомалага киритилади. Бундай ноқонуний фаолиятнинг аксар сабаби – осон пул топиш илинжидаги нафс ҳисобланади.

Долларни текшириш усуллари

Банкда. Долларларнинг ҳақиқийлигини банкда текшириш – энг оддий ва қулай усул. Долларни текшириш хизмати аслида мутлақо бепул ва чекловларсиз, лекин ҳар бир тижорат банки – бу борада қандай сиёсат юритишни мустақил ҳал қилади. Биз бир неча банклар билан боғланганимизда маълум бўлдики, хизмат кўп банкларда хавфсизлик ва бошқа мижозларни куттириб қўймаслик мақсадида йўлга қўйилмаган.

Махсус компаниялар. Долларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун нафақат банклар, балки ихтисослашган хизмат компаниялари ҳам мавжуд. Уларда мижоз сўровига биноан мулк сотуви жараёнида нотариус биносига бориш хизмати ҳам мавжуд бўлиб, хизмат кўпинча умумий сумманинг 0,1% эвазига тақдим этилади.

Аппарат ижараси. Долларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун ускунани сотиб олишга катта сумма сарфлашни хоҳламаганлар учун ижарага олиш имконияти мавжуд. Тошкентдаги “Малика” бозорида бундай ускуналарни кунига 100-150 минг сўмга ижарага олиш ҳам мумкин. Бу, масалан, квартира ёки автомобил сотиб олишда бир марталик текширишлар учун қулай вариант бўлиши мумкин.