Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 7 декабр, якшанба. Эртага байрам, бундан 33 йил аввал Ўзбекистон конституцияси қабул қилинган. Аксар ўзбекистонликлар учун 8 декабр шунчаки дам олиш куни, агар бу кун душанбага тўғри келиб қолса, яна яхши — кетма-кет уч кун дам олиш куни. Мактабларда, олийгоҳларда номига тадбир ўтказилади, бўлди, шу билан конституция деган сўз кейинги йил 8 декабргача унутилади...
Жамият қонунга қандай муносабатда бўлса, худди шундай жавоб олади. Биламан, ҳозир кўпчилигингиз «Қонун ишлайдими ўзи?», деяпсиз. Ишлайди, амал қилса, доим ишлайди. Энди «Фалонча, пистончилар амал қилмаяпти-ку» деяпсиз, лекин биз фуқаролик жамияти қурмоқчи бўлсак, қонунга аввало ўзимиз амал қилишимиз керак.
Инсон жамиятни назорат қиладиган қонундан яхшироқ ҳеч нима ўйлаб топмаган. Дунёда минг хил одам бор, ҳамманинг дунёқараши, қадриятлари ҳар қанақа. Хилма-хил инсонлар бир жамиятда муаммосиз яшашини таъминлайдиган қадрият бу — қонун.
Қонун ҳақида доим ўйлаш керак: камерасиз светофорда қизилга ўтаётганда, «электросет»даги таниш орқали ўғринча линия тортиб ёқаётганда, ўзига тинч бўлатуриб таниши орқали ҳужжат қилиб камбағалларга бериладиган бола пулини олаётганда, асфалт учун ажратилган пулни «туя қилаётганда». Қачон охирги марта қилаётган ишим қонунга хилоф эмасмикин деб ўйлаб кўрдингиз? Ҳа, азизлар, жамият ўзгариши учун аввало ўзимиз ўзгаришимиз керак. Байрам муборак, қонунларимиз чинакамига ишласин, ҳамма учун ишласин, ҳамма лавозимдагилар учун ишласин. Биз одатдагидек ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Қуръа: Ўзбекистон «ҳаёт гуруҳи»да
Жума куни тунда 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемоионати гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Футболга қизиқмайдиганлар учун қисқача маълумот: кейинги йил жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилади. Бу гал илк марта мундиалда 32 та эмас, 48 та жамоа қатнашади. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Вашингтонда ўтган маросимда ҳозиргача йўлланмани қўлга киритган жамоалар бўлажак рақибларини билиб олди.
Ўзбекистон «К» гуруҳидан ўрин олди. Бизнинг рақибларимиз Португалия ва Колумбия. Конго, Ямайка ёки Янги Каледония (ким саралашдан ўтса) давлатларидан бири гуруҳдаги тўртинчи жамоа бўлади. Ўзбекистон мусобақани Криштиану Роналду бошчилик Португалияга қарши ўйин билан бошлайди.
Янги форматга кўра, 12 та гуруҳдаги иккитадан жамоа плей-оффга чиқади. Шунингдек, учинчи ўриндагилар орасида энг яхши саккизтаси ҳам 1/16 финалга чиқади. Шундай экан, Ўзбекистоннинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари ёмон эмас деб ўйлайман. Футболда «ўлим гуруҳи» деган тушунча бор. Бундай гуруҳларда иккитадан ортиқ тенг кучли жамоалар бўлади. Бу борада Ўзбекистон «ҳаёт гуруҳи»га тушди десак бўлади.








