Жаҳон | 18:18
2053
2 дақиқада ўқилади

Google ва Apple ўзбекистонликларни ҳакерлар ҳужуми ҳақида огоҳлантирди

Фойдаланувчилар Intellexa компаниясининг жосуслик дастурий таъминотини қўллаш ҳолатлари ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Фото: Shutterstock

Google ва Apple компаниялари Марказий Осиё давлатларини ҳакерлар ҳужуми ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Қайд қилинишича, ўтган ҳафтада ушбу икки корпорация ўз маҳсулотлари фойдаланувчиларига ҳакерлик таҳдиди ҳақида оммавий равишда огоҳлантиришлар юбора бошлаган.

Шу билан бирга, Google Қозоғистонни киберҳужумлар хавфи айниқса юқори бўлган давлатлар қаторига киритди. «Қозоғистон - Intellexa компаниясининг жосуслик дастурий таъминотини қўллаш ҳолатлари қайд этилган мамлакатлардан бири», дейилади хабарда.

Apple, ўз навбатида, огоҳлантиришлар 2 декабр кунидан юборилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, корпорация эҳтимолий ҳакерлик ҳужуми ҳақида кам тафсилотларни тақдим этди ва ҳужумга учраган фойдаланувчилар сони ҳақидаги саволларга жавоб бермади, шунингдек, ҳужумни ким амалга оширгани ҳақида хабар бермади. Хабарда фақат «бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакатдаги фойдаланувчиларни хабардор қилганмиз», деб қайд этилган.

Apple баёнотида айтилишича, фойдаланувчилар Intellexa жосуслик дастурий таъминотидан фойдаланган ҳолда ҳужумга учрамоқда. Ҳужум «Покистон, Қозоғистон, Ангола, Миср, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Тожикистон каби турли мамлакатлардаги юзлаб аккаунтларни қамраб олган».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид