Сурхондарёда Россия армиясига ёлланган йигитга суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Ҳукмда келтирилишича, 2000 йилда Узун туманида туғилган С.Б. 2019 йилдан ишлаб пул топиш мақсадида Россияга бориб-келиб юрган. У 2023 йил 22 апрелда Тожикистон орқали Россияга кетган. Москва вилоятида ишлаб юриши жараёнида 2025 йил апрел ойида Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашган.

С.Б. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ҳамда урушга мажбурликдан борганини, орган ходимлари уни алдаб, шартномага имзо қўйдириб олганини айтган.

2025 йил 26 мартгача Москва вилояти Красногорский шаҳрида жойлашган машинасозлик заводида ишладим. Шундан сўнг Россия Федерациясида вақтинча бўлиш ҳужжатларимнинг муддати ўтгани учун ишдан бўшатишди.

2025 йил 1 апрел куни бошқа иш қидириб юрган вақтимда полиция ходимлари ушлаб, ҳужжатим бўлмагани сабабли ҳибсхонага жойлаштиришди. Ҳибсхонада турли давлатлардан бўлган 7 нафар меҳнат мигранти ҳам бор эди. 2 апрел куни полиция ходими депорт қилинишим мумкинлигини айтиб, Украинага қарши урушда иштирок этишни таклиф қилди. Россия армияси сафида шартнома асосида 1 йил хизмат қилсам 3 млн рубл пул мукофоти ва Россия фуқаролиги берилишини ваъда қилишди.

Мен урушга бормаслигимни айтдим. 3 апрел куни полиция ходимлари “депорт ҳужжатларига имзо қўй”, дея ўқиб чиқишимга имкон бермасдан Россия армиясида хизмат қилиш бўйича шартномага имзо қўйдириб олишди. 4 апрел куни конвой ва махсус отряд ходимлари келиб, автобусда Воронеж шаҳрига олиб кетишди”, деган йигит суддаги кўрсатмасида.

Шундан сўнг С.Б. ва бошқаларни ҳарбий қисмга олиб боришиб, бир ой давомида дала ўқув майдонида ҳарбий машғулотлар ўтказишган. Агар хизматдан бўйин товлашса, узоқ муддатга қамалишларини айтиб, қўрқитишган.

Машғулотларда ўқотар қуроллар ва алоқа воситаларидан фойдаланиш, биринчи таббий ёрдам кўрсатиш каби кўникмаларни ўргатишди. У ерда турли давлат фуқаролари бор эди. Ўқув машғулотлари тугаганидан сўнг 50 киши орасидан мени ва яна 3 кишини автобусда Украинанинг Россия томонидан эгалланган қисмига олиб боришди.

2025 йил 29 апрел кунигача янги келганлардан тузилган взводда яна ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. Шундан сўнг 18 кишини автобусда Кременная деган ўрмонга олиб боришди. Эртаси куни қўшимча ўқ-дори ва қурол беришди: ўртага бир қанча турдаги ўқ-дори, қурол, гранаталар ва тиббий қутиларини қўйиб, керагича олинглар, урушга кирамиз, дейишди.