Жамият | 17:40 / 26.11.2025
10635
4 дақиқада ўқилади

“Қарзимни узиш учун урушга бордим” – Россия армиясига ёлланган ўзбекистонлик эркак қамалди

Наманган шаҳрида яшовчи 50 ёшли шахс пул учун Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши жангларда иштирок этгани маълум бўлди. У фронтда мина портлаши оқибатида яраланган ва вақтинча ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилгач, Ўзбекистонга қайтган. Судланувчи одамлардан қарз бўлиб қолгани сабабли бу ишга қўл урганини айтган.

Фото: РИА Новости

Россия армиясига ёлланган ўзбекистонлик шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган Ш.М. ишлаб пул топиш мақсадида бир неча бор Россия давлатига бориб келган. У 2025 йил 10 апрел куни Россияга борган. 15 апрел куни моддий бойлик орттириш мақсадида Россия армияси сафида хизмат қилиш бўйича шартнома имзолаган. Сўнгра оддий аскар унвонини олиб, ҳайдовчи-чилангар вазифасида хизмат қилишга киришган.

Ш.М. 2025 йил 20 апрел куни Луҳанскдаги ҳарбий лагерга олиб борилган. 2 ҳафта давомида ўша ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтган. 2025 йил 5 май кунидан эса Украинага қарши урушда иштирок эта бошлаган. Бироқ орадан 4 кун ўтиб, 9 май куни мина портлаши оқибатида чап оёғидан яраланган.

Ш.М. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ҳамда одамлардан қарз бўлиб қолгани сабабли бу ишга қўл урганини айтган.

2012 йилда ишлаш мақсадида Россияга бориб, 2013 йилда қайтиб келганман. 2024 йил 10 ноябр куни Россиянинг Иваново шаҳрига бордим ва у ердаги текстил корхонасида уста бўлиб ишлай бошладим. 2025 йил 4 апрелда яшаш уйимга қайтиб келдим. Ўзбекистонга келишимнинг асосий сабаби Россияга қайтиб бориб, Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш истагим борлигини оиламга билдириш ҳамда яқинларим билан хайрлашиш бўлган. Бироқ бу ҳақда оила аъзоларимга айтмадим.

2025 йил 10 апрелда Россиянинг Иваново шаҳрига қайтдим ва ўша ердаги Мудофаа ишлари бўлимига бориб, Россия Қуролли кучлари таркибига кириш бўйича бир йиллик шартнома имзоладим. Бунинг учун менга 1 млн рубл миқдорда пул маблағи берилди.

2025 йил 20 апрел куни мени ва Россия Қуролли кучлари сафига кирган бошқа шахсларни Луҳанскнинг Марковка шаҳрида жойлашган ҳарбий лагерга олиб боришди. Бу ерда ҳарбий хизматчилар икки ҳафта давомида бизга АК-74 қуролини отиш ва душман ҳужумидан ҳимояланишни ўргатишди. Қўл гранаталаридан фойдаланиш, пиёдага ва танкка қарши миналарни аниқлаш эса қисман ўргатилди.

2025 йил 9 май куни хизмат вазифамни олиб бориш давомида Украина ҳарбийлари томонидан қўйилган минани босиб олиб, чап оёғимдан яраландим. Мени аввалига Луҳанскдаги ҳарбий госпиталга олиб боришди. У ерда биринчи ёрдам кўрсатилгач, Белгород шаҳридаги ҳарбий госпиталга жўнатишди”, деган эркак суддаги кўрсатмасида.

Шундан сўнг у 5 июнга қадар ҳарбий госпиталда даволанган. 2025 йил 6 июн куни эса Ш.М. ҳарбий тиббий комиссия томонидан вақтинча ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган ва унга реабилитация учун 6 июлгача таътил берилган.

Бир муддат Иваново шаҳрида дам олиб, қилган ишларим хато эканини англадим ҳамда Ўзбекистонга қайтишга қарор қилдим. Россияда ишловчи бошқа давлат фуқароларидан тахминан 5 минг доллар қарзим бўлган. Улар қарзни қайтаришимни талаб қилишган. Иложсизликдан Россия-Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш орқали ушбу қарзларимни қопламоқчи бўлдим”, деган Ш.М.

У 2025 йил 4 июл куни Ўзбекистонга қайтиб келган. Сўнгра ўзи Давлатобод тумани ИИБга бориб, бўлган ҳолатларни айтиб берган, тузган шартномаси ва бошқа ҳужжатларни ихтиёрий равишда топширган.

ЖИБ Поп туман судининг ҳукми билан Ш.М. Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисми ҳамда 154-1-моддаси 1-қисмида (чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Аввалроқ фронтда Россия аскарларига мотоциклда озиқ-овқат етказиб берган ўзбекистонлик йигит озодликдан маҳрум қилинганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид