Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инфографика: ядровий клуб кенгаймоқда — Ҳиндистон, Покистон ва КХДР захиралари ҳам ўсди
Бутун дунё бўйлаб минглаб ядровий каллаклар мавжуд бўлиб, улар сайёрани бир неча бор йўқ қилишга етади. Инфографикада қайси давлатлар бу қуролга эгалиги ва 1963 йилдан 2023 йилгача каллаклар сони қандай ўзгаргани кўрсатилган.
Ҳар бир ядровий давлат графикда нуқталардан иборат тасвир шаклида кўрсатилган. Нуқталар сони ҳар бир давлатдаги ядровий қурол миқдорига пропорционал бўлиб, ҳар бир нуқта 50 тагача ядровий каллакни ифодалайди.
График уч йилни қамраб олади — 1963, 1985 ва 2023 йилларни. Бу йилларда дунё миқёсида ядровий қурол устидан назорат ва уларни қисқартиришга оид муҳим воқеалар юз берган.
The New York Times эслатишича, 1963 йилда давлатлар Ядровий синовларни қисман тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган. У ҳужжатга кўра, ядровий қурол синовларини атмосферада, космик фазода ва сув остида ўтказиш тақиқланди.
1985 йилда эса Женевадаги саммитда Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи ядровий урушни «ютуққа эришиш мумкин бўлмаган уруш» деб эътироф этди ва бундай урушни умуман олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида келишиб олди.
2023 йилда Россия стратегик ҳужумкор қуроллар сонини чеклайдиган Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома амал қилишини тўхтатиб туришини маълум қилди. Мазкур шартнома қайси миқдорда ядровий қуроллар жойлаштирилиши мумкинлигини чеклар эди.
Энг кўп ядровий қурол Россия ва АҚШ тасарруфида, бироқ бошқа бир қатор давлатлар ҳам унга эга. Йирик ядровий барқудрат давлатлар 1985 йилдан бери каллаклар сонини сезиларли даражада қисқартирган, аммо шу вақт ичида Ҳиндистон, Покистон ва Шимолий Корея (КХДР)да ҳам ядровий қурол пайдо бўлди.
Бундан ташқари, Исроил ва Хитой қисман бўлса-да, ядровий каллаклар захирасини оширган.
2023 йил ҳолатига кўра, ядровий каллаклар сони бўйича етакчиликни Россия сақлаб қолган — 4489 та. Ундан кейинги ўринда АҚШ турибди — 3708 та каллак.
Хитойда ядровий каллаклар сони 410 тага етган. Франция ихтиёрида 290 та, Буюк Британияда — 225 та каллак бор.
Покистонда — 170 ядровий каллак, Ҳиндистонда — 164, Исроилда — 90, Шимолий Корея (КХДР)да эса тахминан 30 та каллак мавжуд.
Инфографика шу ўзгаришларнинг ярим асрдан ортиқ вақтда қандай кечганини кўрсатиб, ядровий клубга янги аъзолар қўшилаётганига ва айрим давлатлар захираларни қисқартирaётган бир пайтда, бошқаларники эса ортмоқда, деган тенденцияни очиқ-ойдин намоён қилади.
Мавзуга оид
08:36 / 28.05.2026
Жаҳон озиқ-овқат бозорини қайси давлатлар назорат қилмоқда?
08:46 / 22.05.2026
РФ денгиз тубига ядровий қурол жойлаштириши мумкинлиги айтилди
07:47 / 14.04.2026
Дунё харитасидаги энг улкан маъмурий ҳудудлар
07:41 / 13.04.2026