Жаҳон | 16:16
628
2 дақиқада ўқилади

Трамп келаси йил бошида Ғазо Тинчлик кенгаши аъзоларини эълон қилмоқчи

«Қироллар, президентлар, бош вазирлар — ҳаммаси Тинчлик кенгашида бўлишни истаяпти», деди Доналд Трамп. АҚШ режасига кўра, Кенгаш – Ғазода ўтиш даври маъмурияти ҳисобланади.

Фото: New York Times

Ғазо Тинчлик кенгашига жаҳон етакчилари орасидан кимлар аъзо бўлиши бўйича эълон келаси йил бошида маълум қилинади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган тадбир чоғида айтди.

АҚШ етакчисига кўра, Ғазо сулҳи доирасида тузилган мазкур кенгашга турли мамлакатлар етакчилари қўшилишни хоҳламоқда.

«Қироллар, президентлар, бош вазирлар — ҳаммаси Тинчлик кенгашида бўлишни истаяпти», деди Трамп. «Бу тарихдаги энг афсонавий кенгашлардан бири бўлади. Ҳамма унда бўлишни истаяпти». У бу эълон янги йил бошида маълум қилинишини таъкидлади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 17 ноябрда қабул қилган резолюция Тинчлик кенгашига ҳамда унга аъзо давлатларга Халқаро Барқарорлаштириш кучларини тузиш ва Ғазога жойлаштиришга рухсат беради.

АҚШ томонидан лойиҳалаштирилган ушбу резолюцияда Тинчлик кенгаши ўтиш даври маъмурияти сифатида тасвирланади. Кенгаш Ғазони қайта тиклашга доир молиялаштириш ишларини мувофиқлаштиради ва ривожланишнинг умумий йўналишини белгилаб беради.

Резолюцияда айтилишича, Тинчлик кенгаши «Фаластин маъмурияти ўзининг ислоҳот дастурини етарли даражада якунлаб, Ғазони хавфсиз ва самарали тарзда қайта назоратига ола оладиган вақтга қадар» фаолият юритади.

Айни вақтда, халқаро воситачилари кўмаги билан Исроил ва Ҳамас ўртасидаги мўрт сулҳ амал қилмоқда. Ҳамас Ғазода қолаётган сўнгги жасадни топиб қайтарганидан кейин сулҳнинг 2-босқичи бошланиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид