Жаҳон | 10:01
1990
3 дақиқада ўқилади

Париж: Киев, АҚШ ва ЕИ тинчлик режаси бўйича умумий позиция ишлаб чиқмоқда

Украина, Европа Иттифоқи ва АҚШ Россия билан тинчлик музокаралари учун ягона ёндашувни келишмоқда, деб хабар қилди Елисей саройи. Украина Россияга ҳудудий ён бериш имкониятини истисно қилди.

Фото: LUDOVIC MARIN/AFP

Украина, Қўшма Штатлар ва Европа мамлакатлари Киев учун хавфсизлик кафолатларини ҳам ўз ичига олган эҳтимолий тинчлик келишувининг асосий чегараларини белгилаб берадиган умумий позицияни шакллантириш устида ишни давом эттирмоқда, деди Франция президенти маъмурияти вакили жума куни, 12 декабрда.

“Бизнинг мақсад — музокаралар учун мустаҳкам таянч бўладиган умумий асосни ишлаб чиқиш. Бу умумий позиция украинлар, америкаликлар ва европаликларни бирлаштириши керак. У бизга бирга музокара — мустаҳкам, узоқ муддатли тинчлик таклифини — шакллантириш имконини бериши керак: у халқаро ҳуқуқни ва Украинанинг суверен манфаатларини ҳурмат қиладиган, америкалик музокарачилар россияликларга тақдим этишга тайёр бўлган таклиф бўлиши лозим”, — деди у Елисей саройидаги брифингда журналистларга.

Вакилнинг айтишича, қўшма ҳужжат ҳали тайёр эмас, аммо барча томонлар яқин кунларда турли телефон алоқалари ва учрашувлар орқали музокараларни давом эттиради. У Вашингтон қандайдир муддат белгилаган-белгиламаганини аниқлаштиргани йўқ.

Киев Оқ уй томонидан босимни ҳис қилмоқда: у ерда тинчликка тезроқ эришиш талаби қўйилмоқда. Бироқ Украина ўтган ой тақдим этилган АҚШ режасига қарши чиқмоқда — кўпчилик бу режани Москва учун фойдали, деб қабул қилмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Буюк Британия, Франция ва Германия европалик ҳамкорлар ва Украина билан бирга АҚШнинг дастлабки таклифларини тузатиш устида фаол ишлади. У таклифларда Киев Россияга катта ҳудудларни бериш, НАТОга кириш истагидан воз кечиш ва қуролли кучлар сони бўйича чекловларга рози бўлиш назарда тутилган эди.

Франция амалдори аниқлик киритишича, музокаралар АҚШ билан келишмовчиликларни камайтиришга қаратилган ва асосан ҳудудлар ҳамда тинчлик келишувидан кейин Украина учун эҳтимолий хавфсизлик кафолатлари масалаларига йўналтирилган. Шу билан бирга, у украинлар ўз ҳудудларини Россияга бериш нияти йўқлигини очиқ айтганини таъкидлади.

Франция раҳбарияти вакилига кўра, келажакдаги келишувларга НАТО Низомининг 5-моддасига ўхшаш қоида киритиш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда — бу АҚШ иштирокини назарда тутиб, Россия томонидан янги тажовуз содир бўлган тақдирда Украинага ишонч бериши мумкин.

Европа томони ҳам АҚШнинг айрим таклифлари сабаб босим остида: улар НАТО ва Европа Иттифоқига тааллуқли масалаларга дахл қилади ва, жумладан, Украинанинг ЕИга тезлаштирилган киришини кўзда тутади. “Украинанинг Европа истиқболи аниқ, ва бу истиқбол реалистик. Биз бунга содиқмиз, кейинги қадамлар қандай бўлиши кераклигини эса европаликлар ва украинлар ҳал қилиши керак”, — деди Елисей саройи вакили.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид