Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Купянскка ташриф: Россия даъволарига шубҳа уйғотди | “Геосиёсат”
Володимир Зеленский Купянскка ташриф буюриб, стела олдида суратга тушди. Бундан аввалроқ Россия томони шаҳар ўз назоратида эканини бир неча бор эълон қилган эди. Зеленский сўзларига кўра Украина дипломатик музокараларда яхши натижаларга эришиши учун фронт чизиғидаги ютуқлар жуда муҳимдир. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида экспертлар ушбу мавзу хусусида сўз юритди.
Украина етакчиси Купянскка борди, мана шу фонда фронтдаги вазият қандай?
Абдували Сойибназаров: Фронтдаги вазият кескин ўзгариб кетгани йўқ, жанглар давом этмоқда ва улар асосан бир нечта йўналишларда жамланган. Хусусан, Купянск атрофи, Красний Лиман (Қизил Лиман), Запороже йўналишидаги Гуляйполе ҳамда Донецк вилоятидаги Константиновка атрофида тўқнашувлар шиддат билан давом этяпти. Сўнгги кунларда Володимир Зеленскийнинг Купянск яқинидаги стела олдида тушган сурати ҳам айнан шу фонда пайдо бўлди. Зеленский бу ҳудудга борганини яширмаяпти, бироқ Купянск шаҳри тўлиқ Украина назоратида деб айтиш қийин. Шаҳарнинг катта қисми, тахминан 95–98 фоизи Россия кучлари назоратида қолмоқда. Президент суратга тушган жой эса Купянск маркази эмас, балки фронтга яқин ҳудуд ҳисобланади. Бу ташриф бир томондан Украина қўшинларининг руҳини кўтаришга қаратилган бўлса, иккинчи томондан Россияга нисбатан рамзий ва психологик босим сифатида баҳоланиши мумкин. Айни пайтда Купянск йўналишида Кондрашевка ва Радковка аҳоли пунктлари атрофида Украина қўшинлари фаол ҳужумлар олиб бормоқда. Агар бу ҳудудлар мустаҳкам қўлга олинадиган бўлса, келгусида Купянск учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу сабабли бу йўналиш ҳозирда стратегик жиҳатдан муҳим саналади. Зеленский фронт чизиғига бориб туриши янгилик эмас. У илгари ҳам бир неча бор шундай ташрифлар орқали ҳарбийларнинг руҳиятини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Чунки ҳозирги вазият Украина учун осон эмас. Украина Қуролли Кучлари Учинчи штурм бригадаси қўмондонининг ўринбосари Максим Жорин ҳам олдинги чизиқларда вазият анча мураккаблашганини, Россия қўшинларининг бундай тезликда ҳаракатланишини уруш бошланганидан бери кузатмаганини таъкидлаган. Худди шундай фикрларни британиялик ҳарбий эксперт, Украина Мудофаа вазирлигининг собиқ маслаҳатчиси Глен Грант ҳам билдирган. Унинг айтишича, Украинадаги сиёсий ва ҳарбий бошқарувдаги заифликлар фронтдаги аҳволнинг кундан кунга оғирлашишига олиб келмоқда. Бироқ бу фикрлар Украинага таслим бўлди, деган хулосани англатмайди. Украина армияси ҳануз бир қатор йўналишларда қаршилик кўрсатиш салоҳиятига эга. Шу билан бирга, Донбассдаги умумий вазият ҳозирча Россия фойдасига шаклланмоқда. Россия томони Мирноград атрофида украин қўшинлари қуршаб олинганини даъво қилмоқда, бироқ бу ҳудудда ҳам жанглар давом этяпти. Запороже йўналишидаги Гуляйполе шаҳрида шаҳар ичида тўқнашувлар кетаётгани, Константиновканинг жанубий қисмида эса жанглар кучайгани ҳақида хабарлар бор. Умуман олганда, ҳозирги босқичда фронтдаги ташаббус кўпроқ Россия томонида, бироқ вазият ҳали якуний эмас ва қарама-қаршиликлар давом этмоқда.
Шуҳрат Расул: Сўнгги 40 кун ичида Россия томони Купянск эгаллангани ҳақида камида икки бор баёнот берди. Хусусан, 4-ноябр куни Владимир Путин ҳарбий кийимда чиқиш қилиб, Купянск “олинганини” эълон қилган эди. 20 ноябрда эса 6-армия қўмондони, генерал-полковник Сергей Кузовлёв Купянск тўлиқ Россия назоратида эканини расман маълум қилди. Орадан кўп ўтмай, 6 декабр куни айнан шу Кузовлёвга “Россия Қаҳрамони” унвони топширилди. Шунингдек, Купянск операциясида иштирок этган яна 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳам қаҳрамонлик унвонлари билан тақдирланди. Бироқ сўнгги икки кун ичида бутун дунё ОАВлари, жумладан Россиядаги Z-каналлар Купянск атрофида вазият кескин ўзгаргани, ҳатто Россия бўлинмалари қуршовга тушиб қолганини ёзмоқда. Эътиборлиси, айнан шу Z-манбалар бугун Россия Бош штаби, Валерий Герасимов ва генерал Кузовлёвни кескин танқид қилмоқда. Уларнинг фикрича, Купянск операцияси бошиданоқ нотўғри режалаштирилган. Географик жиҳатдан Купянск мураккаб ҳудудда жойлашган. Шаҳарни Оскол дарёси иккига бўлиб туради: шарқий ва жануби-шарқий қисми пастликда, ғарбий қисми эса баландроқ ҳудудда жойлашган. Россия қўшинлари бир йилдан ортиқ вақт давомида тўғридан тўғри фронтал ҳужумлар орқали шаҳарни эгаллай олмади. Шундан сўнг улар Оскол дарёсини шимоли-ғарб томондан, тахминан 30–40 километр масофада кесиб ўтиб, баландликлар орқали ҳужум қилиш тактикасини танлади ва ғарбий қирғоқнинг бир қисмини эгаллади. Бироқ Путинга “Купянск тўлиқ олингани” ҳақида ҳисобот берилган пайтда шаҳар аслида тўлиқ Россия назоратида эмас эди. Айниқса, Купянскнинг шарқий, пастликда жойлашган қисми бутунлай Украина қўшинлари назоратида қолаётган эди. Шунга қарамай, Путин бу вазиятни сиёсий жиҳатдан фаол ишлатиб, гўёки 15 та Украина баталёни қуршовда қолиб кетгани, уларнинг сони 8 минг нафардан ошиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди. Ҳатто “инсонпарварлик йўли” орқали қурол ташлаб чиқиб кетиш таклифлари ҳам янграган эди. Аслида эса Оскол дарёсини кесиб ўтиб, 40 километр масофадан ҳужум қилиш стратегик жиҳатдан жиддий хато бўлиб чиқди. Дронлар доимий равишда осмонни назорат қилаётган шароитда кичик гуруҳлар 300–400 нафаргача бўлган бўлинмалар — шаҳарга кириб боргани билан, уларни логистика жиҳатдан таъминлашнинг иложи қолмади. Оғир техника, ҳатто енгил транспорт воситалари ҳам бу ҳудудга етиб бора олмади. Украина томони эса вазиятдан самарали фойдаланди. Операцияга раҳбарлик қилган генерал Александр Драпатий бошчилигидаги кучлар Россия қўшинлари эгаллаган баландликлардаги икки муҳим аҳоли пунктига зарба бериб, уларни қайта назоратга олди. Бугунги кунда гап энди “оператив қуршов” ҳақида эмас, балки тўлиқ — стратегик қуршов ҳақида кетмоқда. Оператив қуршов уч томондан ёпилиш бўлса, стратегик қуршов тўлиқ ёпиқ ҳалқани англатади. Мавжуд маълумотларга кўра, камида 200 нафар аскар, айрим манбаларда эса икки баталёнгача Россия кучлари қуршовда қолган. Украина қўшинлари ҳозирда шаҳарни босқичма-босқич тозалаш амалиётини олиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда бу жараённи акс эттирувчи кўплаб видеолар тарқалган. Маълумотларга кўра, 15–20 кун аввал шаҳарга кирган Россия бўлинмаларида қурол-яроғ ва озиқ-овқат танқислиги юзага келган. Генерал Драпатий штабининг матбуот котиби кеча берган баёнотида, Купянскдаги тозалаш ишлари энг кўпи билан 7–10 кун ичида якунланишини маълум қилди.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:27 / 15.12.2025
Тинчлик музокаралари: Украина Донбассдан қўшинларини олиб чиқишга рози эмас
09:33 / 15.12.2025
Зеленский ва Уиткофф 15 декабрда Германияда музокараларни давом эттиради
08:31 / 15.12.2025
Уиткофф Берлиндаги учрашувдан сўнг: ўт очишни тўхтатишга яқинлашдик
20:30 / 14.12.2025