Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия Киев билан мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда
Германия Украина билан мудофаа саноатида ҳамкорлик режасини ишлаб чиқди. У 10 банддан иборат. Берлинда алоқа бюроси ташкил этилади.
Фото: Morris MacMatzen/ Getty Images
Германия ҳокимияти Украина билан мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ҳарбий мақсаддаги маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шунингдек Киевни бундай маҳсулотлар бўйича Европа бозорига янада кучлироқ интеграция қилишга кўмаклашиш ниятида. Бу ва бошқа йўналишлар Берлинда тайёрланган 10 бандли режада ўз аксини топган. Режа 15 декабр, душанба куни Германия–Украина иқтисодий форумида тақдим этилган, дея хабар қилди dpa ва Reuters агентликлари.
Барча тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳужжатда Европа ҳамкорлари томонидан Украина учун ҳарбий маҳсулотларни биргаликда харид қилиш ҳажмини ошириш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, унда Германияда Украина Қуролли кучлари учун жанговар дронлар ишлаб чиқариш режалари ҳам қайд этилган. Бу борада аввалроқ украин дрон ишлаб чиқарувчиси Frontline Robotics ва немис мудофаа компанияси Quantum Systems келишувга эришган эди.
Икки мамлакат қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Берлинда Украина қуролсозлик саноатининг Ukraine Freedom House номли контакт бюроси ташкил этилади.
Бундан ташқари, Германия Украина мудофаа секторига киритиладиган инвестициялар учун кафолатлар бериш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқчи. Томонлар иқтисодиётни жосуслик ва диверсиялардан ҳимоя қилиш соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишни режалаштирган.
Режанинг алоҳида бандида ҳарбий техника харидида коррупциянинг олдини олиш чораларини ҳар икки томон кўриши зарурлиги талаби ҳам белгиланган.