Рақобат қўмитаси огоҳлантиради: ҳар хил курслар сотиш билан шуғулланувчи платформалар устидан 1200 га яқин шикоятлар тушган. Мижозлар сифатсиз хизмат, кўрсатилмаган хизмат учун тўлов ва пулларни қайтармаслик ҳолатларидан арз қилмоқда. Аёлларни бой қилишни ваъда берган “Бадавлат аёл” лойиҳаси ҳам шулар жумласидан.

Ўтган йили интернетда “Бадавлат аёл” номи билан янги онлайн-лойиҳа пайдо бўлди. У ўзини “аёлларни молиявий эркинликка олиб чиқувчи замонавий мактаб” сифатида тақдим этди. Рекламада таниқли актриса иштирок этди ва у лойиҳани “бахт ва бойлик сири” деб таърифлади.

Таъкидланишича, “Бадавлат аёл” лойиҳаси энг зўр экспертлар иштирокида молиявий саводхонлик, шахсий ўсиш ва онлайн бизнесни ўргатади. Бундай реклама ортидан минглаб аёллар – уйда бола боқиб ўтирганлар, кичик бизнес бошлашни орзу қилганлар, қарз ёки маиший босим остида бўлганлар – курсга рўйхатдан ўтди. Бироқ қисқа вақт ичида бу иллюзия синди. Бу ҳақда Kun.uz суриштирув эълон қилганди.

Вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган лойиҳа шу йилнинг августида яна ўша таниқли актриса Райҳон Уласенова иштирокида ўз рекламаларини бошлади. Бизга эса мурожаатлар келишда давом этмоқда.

Курс учун Uzum Nasiya орқали қарз олиб пул тўлаган мурожаатчилар дарслар сифатсиз ташкил қилинганини айтмоқда. Уларнинг шикоятига кўра, ҳеч қандай дастурсиз, ваъда қилинган мутахассисларсиз онлайн суҳбат бўлган холос.

Мен бу лойиҳадан мотивация эмас, стресс олдим. Турмуш ўртоғим вафот этган, ўзим ёлғиз боқувчиман. Ҳозир фаррошликдан оладиган маошимдан Uzum Nasiya'га тўлаяпман. Ҳеч ким жавоб бермайди, чатлар ёпилган, пулим ҳам қайтарилмади”, – дейди лойиҳа иштирокчиларидан бири.

Яна бир иштирокчи лойиҳа унинг ҳаётини ўзгартиришидан умид қилганини айтди.

Тижорат ёки бошқа йўналишларда йўл топишингиз учун қулай имконият деб реклама қилинган эди. Ҳеч қанақа имконият кўрмадим. Шунчаки, Telegram орқали дарс бўлди. Райҳон Уласенова ҳар жумада бизга суҳбат ваъда қилганди, лекин бўлмади. Яхши нарса кўрмадик, шунчаки интернет орқали дарс, буни ўзимиз интернет орқали ўргансак ҳам бўларди. Қўшилишда осон қўшилдик, лекин чиқиб кетишга имконият бермади.

Менга ёқмаганини, чиқариб юборишларини айтиб, 4-5 одамга мурожаат қилдим. Ҳатто Райҳон Уласенованинг ўзигаям ёздим, жавоб бўлмади. Дарсда бор-йўғи битта психолог суҳбат қилди, уям кейин ўзининг курсини таклиф қилиб, тўлов қилишга ундади”,