16 декабр куни Москва области Одинцово райони Горки-2 посёлкасидаги мактабда даҳшатли қотиллик содир этилди. Тўққизинчи синф ўқувчиси бўлган 15 ёшли Тимофей мактабга пичоқ билан келиб, қўриқчи ва ўқувчиларга ҳужум қилди. Натижада тўртинчи синф ўқувчиси, тожикистонлик Қобилжон Алиев ҳалок бўлди.

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григоревга «Россия томонидан ушбу фожиали ҳодисани зудлик билан, холис ва беғараз тергов қилиш ҳамда барча алоқадор шахсларни қонунан қатъийлик бўйича жавобгарликка тортиш талаби билан» нота топширилди.

Тожикистон ТИВ Қобилжоннинг ўлдирилишини миллатга нафрат асосидаги қотиллик деб ҳисоблашини маълум қилди, зеро бунга асослар етарли.

Ҳужумдан олдин Тимофей мактабдаги болалардан қайси миллатдан эканини сўраган. Бундан ташқари, Тимофей No Lives Matter (“Ҳеч кимнинг ҳаёти аҳамиятга эга эмас”) ёзуви туширилган футболкада бўлган – ирқчилар бу шиорни Black Lives Matter шиорига жавобан ўйлаб топишган. Бошқа ёзувлар эса Андерс Брейвик томонидан содир этилган теракт, шунингдек АҚШ ва Янги Зеландиядаги мактаблар ва ибодатхоналарга қилинган ҳужумларга ишора қиларди. Бундан ташқари, ҳужумдан олдин Тимофей синфдошларига ўзининг «Менинг ғазабим» деб номланган манифестини юборган, унда мусулмонлар, яҳудийлар, либераллар ва сўлларга қарши фикр билдириб, барча муаммоларда уларни айблаган.

Ушбу фожиа кўпчиликни ларзага солди. Россиядаги қатор сиёсатчилар, давлат ва жамоат арбоблари қотиллик миллатчилик фонида содир этилгани, бундай ҳолатларнинг олдини олиш шартлигини таъкидлашди.

Жумладан, Москва области губернатори Андрей Воробёв бу ҳужумни «даҳшатли, ҳаддан ташқари шафқатсизлик» деб атади.

«Бутун Москва области учун бу ҳақиқий фожиа. Бунга олиб келган барча омилларни таҳлил қилиш ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун барча чораларни кўриш керак», – деб ёзди у.  

Журналист Ксения Собчак бундай фожиаларнинг илдизи интернет ёки ўйинларга эмас, балки фарзандларга тарбия бериш ва назорат етишмаслигида эканини таъкидлади.

Собчак шунингдек, Россияда миллатчилик кайфиятидаги гуруҳларнинг таъсири кучайганига эътибор қаратди.