Жаҳон | 16:35 / 19.12.2025
2913
2 дақиқада ўқилади

Майамидаги музокараларга ҳам Украина, ҳам Россия делегациялари келади

Майамига Украина делегацияси Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров бошчилигида келиши кутилмоқда. Илгари Майамига Россия делегацияси ҳам келиши ҳақида хабар берилган эди, бироқ АҚШ иштирокида уч томонлама учрашув режалаштирилмаган.

Фото: Getty images

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров бошчилигидаги украин делегацияси урушни тўхтатиш режасини муҳокама қилиш учун АҚШга йўл олади, деб хабар қилди Axios нашри 18 декабр, пайшанба куни манбаларга таяниб.

Манбаларга кўра, ҳафтанинг охирида Украина вакиллари Майамида АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Америка президентининг куёви Жаред Кушнер билан учрашув ўтказади.

Президент Зеленский 18 декабр куни Киевда Украина делегацияси АҚШ томони билан Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича янги музокаралар учун АҚШга жўнаб кетганини тасдиқлади. У делегация таркиби ҳақида ҳеч нарса демади, аммо эҳтимол музокараларда европалик сиёсатчилар ҳам иштирок этиши мумкинлигини қайд этди.

Аввалроқ Politico нашри 20–21 декабр, дам олиш кунлари Майамида Россия делегацияси ҳам кутилаётгани ҳақида ёзган эди. У делегацияга Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев бошчилик қилади. У ҳам Уиткофф ва Кушнер билан музокаралар ўтказади.

Axios манбалари ҳозирча АҚШ, Украина ва Россия вакиллари иштирокида уч томонлама учрашув ўтказилиши кўзда тутилмаганини таъкидлайди.

Уиткофф ва Кушнер 14–15 декабр кунлари Берлинда Украина ва бир қатор Европа мамлакатлари вакиллари билан музокаралар ўтказган. Axios қайд этишича, бу учрашувлар якунлари бўйича АҚШ томони уруш тугаса, Украинага хавфсизлик кафолатлари беришга ваъда қилган. Бироқ Киев томонидан эҳтимолий ҳудудий ён босиш масаласи ҳал этилмаган ҳолича қолган.

Декабр ойи бошида Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москвага бориб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказган. Томонлар бу музокаралар тафсилотларини ошкор этмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид