Ўзбекистон | 14:10
379
2 дақиқада ўқилади

Депозитар операциялар тўхтатилиши ва қоғозларни ўтказиш механизми белгиланди

Адлия вазирлиги инвестиция воситачиси фаолияти тўхтатиб турилган ёки тугатилган тақдирда депозитар операциялар бўйича ҳаракатлар тартибини белгилайдиган низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Фото: Getty Imagеs

Адлия вазирлиги “Инвестиция воситачиси фаолияти тўхтатиб турилган ва тугатилган тақдирда, депозитар операциялар бўйича ҳаракатлар тартиби тўғрисида”ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Низом 2025 йил 18 декабрда №3727 рақами билан рўйхатдан ўтказилган.

Низомга кўра, инвестиция воситачисининг лицензияси тўхтатиб турилганда, у депозитар операцияларни тўхтатади ва бу ҳақда 2 иш куни ичида оммавий ахборот воситаларида ҳамда фонд биржасининг веб-сайтида эълон қилади.

Шунингдек, инвестиция воситачисининг лицензияси тугатилганда ёки бекор қилинганда, у депонентларнинг ҳисобварақларидан кўчирмаларни шакллантириши ва фаолияти тугатилгани ҳақида хабарномани депонентга юбориши белгиланган.

Низомда қайд этилишича, депонент хабарномани олганидан сўнг 1 ҳафта муддатда тугатилаётган инвестиция воситачисига ўз қимматли қоғозларини бошқа инвестиция воситачисига ўтказиш тўғрисида топшириқ бериши лозим.

Агар депонент томонидан бундай топшириқ тақдим этилмаса, инвестиция воситачиси қимматли қоғозларни «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖга ўтказади.

Маълум қилинишича, «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖга вақтинча сақлаш учун топширилган қимматли қоғозлар 1 кун ичида депонент танлаган инвестиция воситачисига ўтказиб бериш орқали депонентларга қайтарилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид