АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио Вашингтоннинг етакчи музокарачиси роли учун, жумладан, Россия-Украина урушини якунлаш жараёнида рақобатлашмоқда, дея таъкидлайди NBC News. Телеканал сайтида Доналд Трамп маъмуриятининг рақобатчи мулозимлари ўртасида юзага келган бўлиниш ва келишмовчиликлар ҳақида мақола эълон қилинди. У Америка ва Европадаги ўнлаб амалдаги ва собиқ расмийлар билан суҳбатларга асосланган.

NBC суҳбатдошларига кўра, президент маъмуриятида рақобатлашувчи фракциялар юзага келиши ва ҳокимият учун кураш кечиши одатий ҳол. Аммо, дея қайд этади улар, ташқи сиёсатдаги энг муҳим вазифалардан бирини ҳал қилишда давлат котиби иккинчи ўринга тушиб, дипломатияда янги бўлган одамга ўз ўрнини бўшатиб бериши жуда ғайриоддий ҳолат. Бу ҳолат жиддий хавотир уйғотмоқда, дейди манбалар.

Трамп Уиткоффни «келишувлар бўйича ажойиб мутахассис» деб ҳисобласа, конгрессдаги танқидчилар, Европадагилар ва ҳатто президент маъмуриятидагиларнинг бир қисми уни дипломатияда «Россиянинг даъволарини жон деб қабул қиладиган» ҳаваскор (дилетант) деб ҳисоблашади. «У – руслар учун совға», – дейди конгресс вакили анонимлик шарти билан.

Америка расмийлари Уиткофф Россия ва Украина ўртасидаги урушни якунлаш бўйича музокараларда Рубиони четлаб ўтишга уринаётганини бир неча бор қайд этишган. Улар Трамп маслаҳатчиси Рубиони хабардор қилмасдан тинчлик музокаралари мавзулари муҳокама қилинган халқаро учрашувлар ташкиллаштирган бир неча ҳолатларни санашади.

Хусусан, 2025 йил апрелида давлат котиби Украина бўйича музокараларда қатнашиш учун Парижга учиши керак эди. Сафар арафасида Рубио жамоаси Уиткофф Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашув белгилаганидан хабар топади. Рубио бу музокараларга қўшилиш учун рухсат сўрайди, француз томони эса буни Уиткоффдан сўрашни таклиф қилади.

NBC хабарида қайд этилишича, бу ёрдамчилари махсус элчи билан боғланиш учун анча уринган давлат котиби учун «таҳқиромуз бурилиш нуқтаси» бўлган. Якунда Рубио Уиткоффни топган ва Макрон билан учрашувга қўшиладиган бўлган, дея ҳикоя қилишади телеканал суҳбатдошлари. Рубионинг иш тақвимида кўрсатилишича, у ўша сафар вақтида Франция президенти билан юзма-юз учрашув ҳам ўтказган.

Ноябр ойида Давлат департаменти раҳбари Швейцарияда украин расмийлари билан музокаралар ўтказишни режа қилади. Аммо Уиткофф департаментдагиларни огоҳлантирмасдан, Женевага олдинроқ йўл олади. Махсус вакилнинг бу ҳаракати Рубиодан илдамроқ ҳаракат қилиб, Украина билан музокараларни ўзи истагандек – Оқ уйдаги ҳамкасби билан мувофиқлаштирмасдан олиб боришга уриниш деб баҳоланди. Телеканал суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Рубио барибир Женевага етиб боради ва учрашув ўзининг иштирокисиз кечишига йўл қўймайди.