Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кремл Винате иши бўйича Парижга “таклиф” қилинганини билдирди
Кремлда Россияда ҳибсда сақланаётган француз Лоран Винате иши юзасидан Францияга “таклиф” қилингани айтилди. Бу Москва ва Париж олий даражадаги музокараларга қизиқиш билдиргани ҳақидаги баёнотлар фонида янгради.
Фото: TASS
Россияда жосусликда айбланаётган, ҳозирда ҳибсда сақланаётган француз фуқароси Лоран Винате ишида муайян силжиш кузатилмоқда. “Ҳақиқатдан ҳам, Винате масаласи бўйича французларга таклиф қилинди. Ҳозир тўп Франция томонида”, — деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков 25 декабр, пайшанба куни Москвада.
Бу баёнот Париж ҳам, Москва ҳам Россия президенти Владимир Путин ва Франция президенти Эммануэл Макрон ўртасида олий даражада музокара ўтказишга қизиқиш билдирганидан кўп ўтмай янгради.
Нодавлат ташкилот ходими бўлган Винате 2024 йил июн ойида Россияда қўлга олинган. Октябрда эса у колонияда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Суд уни Россия ҳарбийлари ҳақида маълумот тўплагани, бироқ олдиндан “чет эл агенти” сифатида рўйхатдан ўтмагани учун айбдор деб топган.
Айни пайтда Россия ҳокимияти Винатега нисбатан қўшимча айбловлар ҳам қўймоқда. Ушбу айбловлар бўйича унга 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид қилиши мумкин.
Россия фуқаросига уйланган Винате суд жараёнида “чет эл агенти” сифатида рўйхатдан ўтиш зарурлигини билмаганини айтган. 49 ёшли Винате Швейцариядаги “Гуманитар мулоқот маркази” (Centre for Humanitarian Dialogue, HD) номли нодавлат ташкилотда ишлайди. Бу ташкилот можароларда воситачилик қилишга ихтисослашган бўлиб, Россия ва собиқ СССР республикалари бўйича эксперт сифатида танилган.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги 25 декабр, пайшанба куни Кремл баёнотига изоҳ беришдан бош тортди. Шу билан бирга, Винатенинг оиласи — унинг адвокати Фредерик Бело сўзларига кўра, “эҳтиёткор оптимизм” кайфиятида ва йил охиригача озодликка чиқишига умид қилмоқда, деб хабар берди AFP агентлиги. “Биз француз дипломатиясига тўлиқ ишонамиз — у имкони борича ҳаммасини қиляпти”, — деди адвокат.
Бело, шунингдек, агар Путин ва Макрон ўртасида эҳтимолий музокаралар бўлса, Винате иши ҳам кўтарилишига умид билдирган.
Сўнгги йилларда Россияда бир қатор хорижий фуқаролар қўлга олинган. Ғарб давлатлари Москва уларни Ғарбда ҳибсда бўлган россияликларга алмашиш учун “гаров” сифатида ишлатаётганликда айблайди.