Чучук сув Ердаги энг муҳим табиий ресурслардан бири ҳисобланади. Бироқ унинг атиги тахминан 1 фоизигина инсонлар томонидан бевосита фойдаланиш учун яроқли ҳисобланади. Шу сабабли сув ресурсларининг етарли ёки чекланганлиги мамлакатларнинг иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатади.
Жаҳон банки ҳамда Our World in Data платформаси маълумотлари асосида тайёрланган рейтингда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ички қайта тикланувчи чучук сув захираси энг кам бўлган мамлакатлар келтирилган.
Рейтингда биринчи ўринни Кувайт эгаллади. Мамлакат ҳудудида доимий дарёлар ва табиий кўллар мавжуд эмас. Шу боис аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш деярли тўлиқ денгиз сувини чучуклаштириш технологиясига боғлиқ.

Иккинчи ўриндан Баҳрайн жой олган бўлиб, бу ерда ҳар бир аҳолига атиги 2,6 куб метр қайта тикланувчи чучук сув тўғри келади. Учинчи ўринни эса Миср эгаллаган. Нил дарёси мамлакат ҳудудидан оқиб ўтишига қарамай, ички сув ресурслари аҳоли сонига нисбатан жуда чекланган бўлиб, киши бошига ўртача 8,8 куб метрни ташкил этади.
Таққослаш учун, дунё бўйича ўртача кўрсаткич бир киши ҳисобига 5 400 куб метрни ташкил этади. Бу Баҳрайндаги кўрсаткичдан икки минг баравардан ҳам кўпроқдир.
Рейтингга кирган 20 давлатнинг еттитаси Яқин Шарқ мамлакатлари ҳисобланади. Улар орасида Кувайт, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Яман, Иордания ва Саудия Арабистони бор. Бу давлатларда ёғингарчилик жуда кам бўлиб, доимий ерусти сув манбалари деярли мавжуд эмас.
Шунинг учун мазкур мамлакатларда денгиз сувини чучуклаштириш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ва сув ресурсларини самарали бошқариш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланган.
Муаммо фақат Яқин Шарқ билан чекланмайди. Рейтингдан Миср, Судан, Мавритания, Ливия, Нигер, Жазоир ва Жибути каби Африка давлатлари ҳам ўрин олган.
Осиёдан эса Малдив ороллари, Сингапур, Туркманистон ва Покистон рейтингга киритилган.
Мутахассислар Туркманистон мисолига алоҳида эътибор қаратади. Мамлакат рейтингда 16-ўринда бўлса-да, аҳоли жон бошига сув истеъмоли бўйича дунёда етакчилардан бири саналади. Бу асосан пахтачилик учун Амударё сувидан кенг миқёсда фойдаланилиши билан изоҳланади.
Сингапур ҳам сув ресурслари чекланган давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда аҳоли жон бошига атиги 107 куб метр чучук сув тўғри келади. Шунинг учун у замонавий сувни қайта ишлаш ва таъминот технологияларига катта сармоя киритиб келмоқда.
Европадан рейтингга фақат Малта кирган бўлиб, у 12-ўринни эгаллаган. Америка қитъасидан эса Барбадос 20 талик рўйхатни якунлаб берган.
Мутахассислар таъкидлашича, чучук сув танқислиги нафақат аҳоли саломатлиги, балки иқтисодий тараққиёт учун ҳам жиддий хавф ҳисобланади. Сув ресурсларининг чекланганлиги қишлоқ хўжалиги ривожига салбий таъсир кўрсатади, сув учун рақобатни кучайтиради ва айрим ҳолларда давлатлар ўртасидаги зиддиятларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.











