Қарорда Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида янги илмий ишланмалар сони ва уларни тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини 3 бараварга ошириш вазифаси белгиланган. Шунингдек, илмий ходимлар таркибида ёшлар улушини 60 фоизгача етказиш, хорижда фаолият юритаётган илмий диаспорани Ўзбекистон илм-фанига реинтеграция қилиш ҳам устувор вазифалар қаторида қайд этилган.

Қарорга мувофиқ, Фанлар академиясининг янги ишланмаларини тижоратлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади. Ушбу механизм орқали илм ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, амалиётга йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

2026 йилдан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган барча илмий лойиҳалар сифатини ошириш мақсадида уларни илмий экспертизадан ўтказиш бўйича илмий-техник кенгашлар таркибига Фанлар академияси таклифига асосан ҳамраис номзоди киритилади.

2026 йил 1 апрелдан эса Фанлар академияси тизимидаги илмий муассасаларда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда илмий ходимлар фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ҳамда илмий муассасалар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилиши белгиланган.