22 декабр куни Рақобат қўмитаси томонидан «Streetpark Systems» МЧЖ (Poytaxt parking) умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматларни кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.

Қўмита матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу мақом хизматлар бозорида компаниянинг музокара жараёнларига таъсири юқори эканини англатади. Шу муносабат билан «Рақобат тўғрисидаги» қонуннинг 18-моддаси талаблари эслатилиб, устун музокара кучига эга деб топилган хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатни чеклашга ва/ёки истеъмолчилар ҳамда бошқа субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлари тақиқланиши қайд этилди.

Қонунга мувофиқ, бундай субъектлар томонидан қуйидаги ҳаракатларга йўл қўйилмайди:

  • товарларнинг муомаласи ҳажмини товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда қисқартириш;
  • истеъмолчиларнинг зарур ҳажмдаги товарни ва лозим даражадаги сифатли товарни олишга бўлган ҳуқуқлари камситилишига йўл қўйиш;
  • шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш;
  • товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш;
  • шартнома тузишга фақат контрагент томонидан бошқа товарни олиш ёки реализация қилиш ёхуд контрагентнинг товарни ўзга хўжалик юритувчи субъектлардан олишдан ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларга реализация қилишдан ўзини тийиши шарти билан розилик бериш;
  • тегишли товарни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш имконияти бўла туриб, шартнома тузишни асоссиз равишда рад этиш;
  • товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кириши учун тўсиқлар яратиш;
  • нархларни давлат томонидан тартибга солиш қўлланиладиган товарлар учун белгиланган нархдан ортиқ ҳақ олиш ёки нархларни давлат томонидан тартибга солиш тартибини бузиш, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар ёки бепул кўрсатилиши керак бўлган хизматлар учун ҳақ олиш;
  • бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (рақобатчилар) томонидан ишлаб чиқарилган товарларни олишни ёки реализация қилишни тақиқлаш ёхуд чеклаш.