Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия ТИВ: Россия фуқароларига нисбатан “асоссиз таъқиб” йўқ
Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ТИВ томонидан ГФРда россияликлар гўёки таъқиб қилинаётгани ҳақидаги айбловлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини билдирди.
Фото: Achille Abboud/IMAGO
Германия ТИВ Россия ташқи ишлар вазирлигининг гўёки Германияда давлат амалдорлари томонидан Россия фуқаролари таъқиб қилинаётгани ҳақидаги айбловларини рад этди. DW саволига жавоб берар экан, Германия ТИВ вакили Йозеф Хинтерзеер бу ҳақда душанба куни, 29 декабрда маълум қилди.
“Германияда Россия фуқаролари учун гўёки қандайдир таҳдид бор, деган шаклдаги бундай айблов кўринишидаги ишораларни биз қатъий рад этамиз”, — деди у. “Германияда матбуот ва фикр билдириш эркинлиги устувор, бу ҳақда биз аввал ҳам бошқа муаммолар мажмуаси доирасида айтганмиз. Шунинг учун Россия ТИВ вакиласининг ҳозирги баёнотлари, афсуски, кутилмаган нарса бўлмаса-да, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дея таъкидлади Хинтерзеер.
Хинтерзеер ўтган ҳафта Россия ТИВнинг РФ фуқароларига “ўта зарурат бўлмаса ГФРга сафардан тийилиш” бўйича тавсиясига муносабат билдирди. Москва бу тавсияни “давлат амалдорлари томонидан Россия фуқаролари ва ватандошларига нисбатан асоссиз таъқиблар” билан изоҳлаган эди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровага кўра, бу тавсия “Германияга хизмат сафарига юборилаётган журналистлар корпуси вакиллари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин, чунки муаммолар бор”.
Россия ТИВ сайтидаги тавсияда россияликлар ҳатто шахсий фойдаланиш учун харид қилинган, лекин санкциялар рўйхатига киритилган айрим буюмлар Германия божхонасида мусодара қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Мисол сифатида Захарова брифингда Петербургнинг “Зенит” футбол клуби мураббийи Сергей Семак ва унинг рафиқаси билан боғлиқ ҳолатни тилга олган: декабр ойи бошида Семакнинг хотини блогида, улар Мюнхен аэропортида tax free расмийлаштираётганида тўхтатилгани, шундан кейин 300 евродан қиммат харидлари олиб қўйилганини айтган.
“Бундай ҳолатлар якка ҳолат эмас. ГФР де-факто муайян миллатга мансуб одамлар, бу ҳолатда — Россиядан келганлар, мамлакатимиз фуқаролари, руслар, россияликлар учун ҳуқуқсизлик ҳудудига айлантирилган”, — деган Захарова.
Мавзуга оид
16:16
Германияда Усмоновга қарши очилган иккинчи тергов ҳам тўхтатилди
16:11
Украина Покровск яқинида асирлар ўлдирилгани бўйича тергов бошлади
15:22
Россия бензин ва дизел экспортига қўйилган тақиқни тўртинчи марта узайтирди
15:08