Жаҳон | 09:43
1346
4 дақиқада ўқилади

Киев АҚШ билан Путин қароргоҳига ҳужум ҳақидаги хабарларни муҳокама қилди

Украина музокарачилари Путин резиденциясига ҳужум бўлгани ҳақидаги хабарлардан сўнг АҚШ жамоаси билан боғланди. Киевнинг ҳамкорлари Москва даъволарининг қанчалик рост-ёлғон эканини ҳар доим текшириб кўриши мумкин, деди Володимир Зеленский.

Фото: AFP/Getty Images

Киев иттифоқчилари Москва томонидан Новгород вилоятида Россия президенти Владимир Путиннинг давлат резиденциясига гўё ҳужум бўлгани ҳақида айтилган даъволар ёлғон эканини тасдиқлай олиш имкониятига эга. Бу борада Украина раҳбари Володимир Зеленский сешанба куни, 30 декабрда ишонч билдирди.

“Валдайга ҳужум масаласига келсак, бизнинг музокара гуруҳимиз Америка жамоаси билан боғланди, улар тафсилотларни ўрганишди ва биз бу — сохталик эканини тушуняпмиз. Албатта, ҳамкорларимиз ҳар доим ўзларининг техник имкониятлари туфайли бу (ҳужум ҳақидаги маълумот — таҳ.) сохта бўлганини текшириб кўриши мумкин”, — деди Зеленский матбуот вакиллари билан мулоқотда.

Украина раҳбарининг тушунтиришича, Москва Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича тинчлик келишуви имзоланишига, шунингдек мамлакатда референдум ўтказилишига тўсқинлик қилиш учун шундай “ташламалар” қилади ва “бошқа баҳоналарни ўйлаб топади”. “Россияликлар ҳеч қандай референдумни хоҳламайди. Улар бизга хавфсизлик беришни истамайди. Улар ўт очишни тўхтатиш рўй бермаслиги учун доим янги-янги сабаблар топади. Референдумни эса хавфсиз инфратузилмасиз ўтказиб бўлмайди”, — дея урғу берди у.

Украина раҳбари сўзларига кўра, Киев хавфсизлик кафолатлари доирасида Украинада Америка қўшинлари бўлиши эҳтимолини АҚШ президенти Доналд Трамп билан муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Reuters агентлиги.

Зеленский Украина урушни қандай якунлаш ҳақидаги музокараларни давом эттиришга содиқ эканини таъкидлаб, Путин билан исталган форматда учрашишга тайёрлигини ҳам қўшимча қилди.

Бундан аввал, 30 декабр куни Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха Киев Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон ва Ҳиндистоннинг изоҳларига “кўнгил қолиши ва хавотир” билан жавоб берганини айтган. Унинг таъкидлашича, улар “ҳужум бўлмаган” ҳолат бўйича “ўз хавотирини билдирган”.

“Бу янада ҳайратланарли, чунки мазкур уч давлатнинг ҳеч бири 2025 йил 7 сентябр куни ҳақиқий Россия ракетаcи Украина ҳукуматининг ҳақиқий биносига келиб урилганида расмий баёнот билан чиқмаган”, — деб ёзди Сибиха X ижтимоий тармоғида. “Россияда ёлғон даъволарнинг узоқ тарихи бор — бу уларнинг ўзига хос тактикаси. Масалан, 2022 йил бошида Россия Украинага ҳужум қилмаслигини айтган эди. Улар кўпинча ўзи режалаштираётган ишда бошқаларни айблайди. Уларнинг гапларини ҳеч қачон сўзсиз ҳақиқат деб қабул қилмаслик керак”, — дея қўшимча қилди Украина ТИВ раҳбари.

Зеленский Россия баёнотларига айрим давлатларнинг муносабатидан норозилигини ҳам билдирди. Украина раҳбари Москва аввал ҳам Киевдаги ҳукумат кварталига зарба берганини эслади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 29 декабр куни Украина Путиннинг давлат резиденциясига 91 та учувчисиз аппарат (дрон) ёрдамида ҳужум қилишга уринганини айтган эди. Новгород вилоятида Валдай кўлида “Долгие Бороды” резиденцияси жойлашган.

Ҳужум ҳақидаги маълумот бошқа манбалардан тасдиқланмаган. Украина президенти Лавровнинг баёнотини Россия Киевдаги ҳукумат кварталига зарба беришни режалаштираётгани билан боғлади.

“Россияликлар бу урушни тугатишни истамайди. Қандайдир резиденция ҳужумга учради деган баёнот билан улар пойтахт ва давлат биноларига зарба бериш учун шунчаки замин тайёрлаяпти”, — деди Зеленский журналистларга WhatsApp орқали.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид