«Рус кўнгиллилари корпуси» (РКК) командири Денис Капустин Россия дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлмаган, у тирик, дея маълум қилди Украина мудофаа вазирлиги бош разведкаси бошқармаси (ГУР).
Разведка сайтида 1 январ куни «РФ махсус хизматлари муваффақиятлари» деб номланган видео эълон қилинди. Баёнотдан маълум бўлишича, Россия махсус хизматлари Капустинни ўлдириш учун буюртма берган ва бунинг учун 500 минг доллар ажратган.
Украина разведка хизмати бир ой давомида махсус амалиёт ўтказган, натижада Капустиннинг ҳаёти сақлаб қолинган, буюртмачилар ва ижрочилар аниқланган, дейилади хабарда.
Украина разведка хизмати бошлиғи Кирилл Буданов видеоалоқа орқали Капустинни «ҳаётга қайтгани муносабати билан» табриклаган. «Бу доим ёқимли. Сизни йўқ қилиш учун тўланган маблағ курашимизга ёрдам берганидан хурсандман. Барчага ва шахсан сизга муваффақиятлар тилайман», – заявил Буданов.
Капустиннинг ўзи ҳам кўриниш берган видео разведканинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тарқатилган. Видеода Украина разведка хизматининг махсус амалиёти ҳақида ҳисобот берган «Тимур махсус бўлинмаси»нинг командири ва Кирилл Будановни кўриш мумкин.

РКК 27 декабр куни Никитин ва White Rex номлари билан ҳам танилган Денис Капустин Запорижжя йўналишида Россия дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини хабар қилганди.
Украина махсус хизматлари олдин ҳам бу каби махсус амалиётлар ҳақида хабар берганди. Хусусан, 2018 йилда Украина нашрларида журналист Аркадий Бабченко Киевда отиб кетилгани ҳақида хабар тарқатган, «қотиллик» жойидан олинган кадрлар намойиш этилганди.
Аммо бир кун ўтиб Украина хавфсизлик хизмати Бабченко тирик эканини маълум қилди. Идора суиқасд ҳақида хабар топган ва унинг олдини олишга муваффақ бўлганди.
Капустин ҳақида
Москвада туғилган Денис Капустин болалигида ота-онаси билан Германияга кўчиб кетган, Кёлнда яшаган. У футбол фанатлари муҳитида танилган, Россия, Украина ва Европада аралаш яккакураш (ММА) турнирларини ташкил қилган, шунингдек White Rex спорт экипировкаси брендини яратган — бу брендда ниқобланган нацистик рамзларга ишора қилувчи кийимлар ишлаб чиқарилган. Масалан, «Қора қуёш» деб аталадиган неонацистик рамз туширилган ёки 14/88 сонлари ёзилган футболкалар.










