Ўзбекистон | 11:04 / 02.01.2026
2480
1 дақиқада ўқилади

Хусусий авиакомпаниялар сони 15 тага етказилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида ҳаво транспорти соҳасини ривожлантириш, рақобат муҳитини кенгайтириш ва хизматлар қамровини оширишга қаратилган қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Фото: Kun.uz

Лойиҳада белгиланишича, мамлакатда хусусий авиакомпаниялар сонини 15 тага етказиш режалаштирилган. Бу ташаббус ҳаво қатновлари бозорида рақобатни кучайтириш, йўловчилар учун хизмат сифати ва танлов имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, авиация йўналишида умумий авиақатновлар сонини 200 мингтага, жумладан республика ҳудудлари ўртасида 41 мингтага етказиш, Тошкент шаҳри билан боғланмаган ҳудудий авиақатновларни 1 560 тага чиқариш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, республиканинг 5 та йирик аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш, авиапаркдаги ҳаво кемалари сонини 180 тага етказиш ҳамда ҳаво транспортида хизмат кўрсатилган йўловчилар сонини 24 миллион нафарга етказиш ҳам режалар қаторида келтирилган.

Лойиҳада кўзда тутилган мақсадлар авиация соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва қатновлар кўламини кенгайтириш орқали хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид