Жаҳон | 12:31 / 07.01.2026
2686
2 дақиқада ўқилади

Канаданинг собиқ бош вазир ўринбосари Фриланд Зеленскийга маслаҳатчи бўлди

Канадалик Христя Фриланд Украина президенти Володимир Зеленскийнинг иқтисодий тараққиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Зеленский унинг “айнан шундай масалаларни профессионал даражада билиши”ни таъкидлади.

Христя Фриланд Фото: Justin Tang/IMAGO

Украина президенти Володимир Зеленский Канаданинг собиқ бош вазир ўринбосари Христя Фриландни иқтисодий тараққиёт масалалари бўйича ўзининг маслаҳатчиси этиб тайинлади. Бу ҳақда Украина давлат раҳбари сайтида душанба, 5 январ куни эълон қилинган фармонда айтилади.

“Христя айнан шу каби масалаларни профессионал даражада яхши билади ва инвестицияларни жалб этиш ҳамда иқтисодий трансформацияларни амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга. Ҳозир Украинага ички барқарорликни ошириш керак — дипломатия имкон қадар тез иш берса, Украинани тиклаш учун, ҳамкорлар кечиктириши сабаб урушни тугатиш учун кўпроқ ишлашга тўғри келса, мудофаамизни мустаҳкамлаш учун”, — деб ёзди Зеленский Фриланд тайинланганидан кейин Telegram-каналида.

Шу куни у яна бир қатор фармонларни ҳам имзолаган — жумладан, МХК ва УХХдаги ўзгаришлар ва кадрлар алмашинуви бўйича.

Христя Фриланд 1968 йилда Канадада туғилган, она томонидан украиналик, украин ва рус тилларида эркин сўзлаша олади. Сиёсатга киришишидан олдин Фриланд журналист бўлиб ишлаган, 1990-йилларда Украина ва Россияда Ғарб нашрлари билан ҳамкорлик қилган.

Канада парламентида бир неча йил ишлаганидан кейин Христя Фриланд вазирлик лавозимларини эгаллаган, 2019–2024 йилларда мамлакат бош вазири ўринбосари бўлган. 2020 йил ёзида у Канада молия вазири лавозимини эгаллаган илк аёлга айланган ва бир вақтнинг ўзида бош вазир ўринбосари вазифасини ҳам сақлаб қолган.

Христя Фриланд 2014 йилда Қрим қўшиб олингани учун Россияга нисбатан Канада санкциялари пакетини ишлаб чиққан гуруҳ таркибига кирган. У дунёда Украинага РФга қарши урушда кўмак бериш масаласида энг фаол сиёсатчилардан бири сифатида обрў-эътиборга эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид