АҚШ махсус топшириқли кучлари Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олганидан сўнг, вице-президент Делси Родригес бошчилигидаги янги ҳокимият мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Каракас кўчаларида патруллар ва блокпостлар пайдо бўлди – бу патрулларга нафақат ҳарбийлар ва полициячилар, балки колективос ҳам жалб қилинган. Булар ҳукуматпараст қуролли гуруҳлар аъзолари ҳисобланади (Россиядаги титушкилар муқобили). Улар йўловчиларни ва машиналарни тўхтатишади, тинтув ўтказишади, баъзида телефонларни текширишади – расмий версияга кўра, махсус операцияда Америкага ёрдам берганларни қидиришади. Мухолифатчи фаоллар ва журналистлардан бир нечаси қўлга олингани маълум.

Колективос мухолифатга қарши куч ишлатиш ҳаракатлари билан машҳур. Камида 2012 йилдан бери барча сайловолди кампанияларида, шунингдек, Николас Мадурога қарши норозилик намойишлари вақтида улар режимга қарши бўлганларнинг кўча намойишларини тарқатиб юбориш билан шуғулланган, жумладан, намойишчиларни ўққа тутишган. Коллективос – бу ягона ташкилот эмас, балки тарқоқ гуруҳлар йиғиндисидир. Бундай гуруҳларнинг кўпчилиги ички ишлар вазирлиги (вазирликка ҳукмрон режимнинг «кучишлатар қаноти» вакии, Мадуронинг собиқ сиёсий рақиби Диосдадо Кабело раҳбарлик қилади) назорати остида ҳаракат қилади.

Венесуэла президентининг расмий қароргоҳи – Каракас марказидаги Мирафлорес саройини ҳам худди шу колективос қўриқлайди. Мадуро эса сўнгги вақтларда у ерда эмас, пойтахтнинг жанубий чеккасидаги Фуэрте-Тиун ҳарбий базасида яшаётганди ва уни ўша ерда қўлга олишди.

Кўчаларда хавфсизлик ходимлари билан тўлиб-тошгани баъзан тушунмовчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда. 6 январга ўтар кечаси Мирафлорес қўриқчилари сарой яқинидан учиб ўтаётган дронларга қарата ўт очди, лекин бироз ўтиб улар полиция дронлари экани маълум бўлди.

Колумбия, АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги Венесуэла диаспорасида Мадуро ҳокимиятдан ағдарилгани ҳақидаги хабар кўчалардаги байрамлар билан кутиб олинди. Венесуэланинг ўзида эса бундай ҳолат кузатилмаган. Биринчидан, режим амалда ўша-ўшалигича қолди – шунчаки ягона раҳбаридан маҳрум бўлди, холос. Намойишларни бостириш аппарати эса ўз жойида. Иккинчидан, Венесуэла аҳолиси – ҳатто Мадуродан норози бўлганлар орасида ҳам қувонч эмас, балки хавотир ва ноаниқлик ҳисси устунлик қилмоқда.

Каракас ва бошқа шаҳарларда ҳам кўча акциялари бўлиб ўтди – лекин фақат локал миқёсда ва кам сонли иштирокчилар билан. Бундан ташқари, кўплаб акциялар АҚШнинг Венесуэла ички ишларига аралашувига қарши норозиликка бағишланган эди. Бундай митинглар полициячилар, ҳарбийлар ва колективос томонидан синчковлик билан кузатиб турилган. Қолаверса, Венесуэла мухолифатининг кўплаб вакиллари ҳам АҚШнинг ҳаракатларидан норозилик билдирмоқда.