Америка армияси Венесуэла президенти Николас Мадурони олиб қочганидан кейин Давлат департаменти саҳифаларида «Бу бизнинг яримшар», деган пост пайдо бўлди. Бу Ғарбий яримшар АҚШ таъсир доирасида, дегани эди. Трамп иккинчи муддатида бу ғояга кўп урғу бермоқда.
Ғарбий яримшарни «Европа таъсиридан холи ҳудудга айлантириш» кечаги гап эмас, бу ғояни илк марта 1823 йил АҚШнинг бешинчи президенти Жеймс Монро илгари сурган. Қулоғингизга чалинган бўлса керак, шу кунларда «Монро доктринаси» деган гап тез-тез айтилмоқда, Трамп ҳам шу ҳақда гапирди. Бу айнан Ғарбий яримшарни «Америка таъсиридаги ҳудудга айлантиришни кўзда тутувчи» доктрина.
Уч асрлик даъво
АҚШ президентлари азалдан йил якунида Конгрессга ва бу орқали миллатга мурожаат қилиб келган. Бу расмий мақомда президентларнинг уларни сайлаган сайловчиларга ҳисоб бериши дейиш мумкин. АҚШнинг бешинчи президенти Жеймс Монро 1823 йил декабрда ана шу мурожаатномаси вақтида «бутун Америка континентини Европа колониализмидан ҳимоя қилиш керак» деган ғояни илгари суради. Европаликлар ҳозир одобли бўлиб қолишди, ўша вақт улар шляпани бостириб, соябонни ҳасса қилган-да, «кесак солинган дўппи қаерга бориб тушса» (Ҳожибой Тожибоевдан иқтибос — муал.), ўша ерни эгаллаб олаверган.
Президент Монро тарихий мурожаатида Америка Ғарбий яримшардаги европаликлар колоннага айлантирган давлатларни тан олиши, уларнинг ҳеч бир ишига аралашмаслиги, лекин Ғарбий яримшарда янги колонналар очилишига йўл қўймаслигини айтади. «Минтақада янги давлатни колонна қилишга уринишни АҚШга тўғридан-тўғри қилинган ҳужум деб қабул қиламиз», дейди президент Монро 200 йил аввал.
Жеймс Монро ўша гапларини доктрина деб тафсифламайди, бу шунчаки мурожаат эди. Лекин вақт ўтган сайин америкаликлар учун Ғарбий яримшарни ўз таъсир доирасидаги ҳудудга айлантириш масаласи актуаллашиб боради. 30 йил ўтиб Монронинг гапларини «Монро доктринаси» сифатида қайд этишади.
20 аср бошида Британия, Германия ва Италия қарзини тўламагани учун Венесуэла атрофида денгиз блокадаси ўрнатади. АҚШ бунга қаршилик қилмайди, чунки Монро доктринасида фақат қайсидир давлат эгаллаб олиниши ҳужум сифатида қаралади, деб аниқ айтилганди.
Вазият жиддийлашиб, немислар Венесуэлага десант туширмоқчи бўлади. Шунда АҚШ президенти Теодор Рузвелт Венесуэла қирғоғига Америка ҳарбий флотини юбориб, немисларга уруш билан таҳдид қилгач, европаликлар музокара ўтказишга мажбур бўлади.









