Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
NYT: ҳарбийлар Трампга Эронга зарба бериш бўйича вариантларни тақдим этган
Нишонлар қаторида Теҳрондаги фуқаролик объектлари ҳам бор.
Molly Riley / The White House / Getty Images
Сўнгги кунларда Доналд Трампга Эронга янги ҳарбий зарбаларнинг бир неча вариантлари тақдим этилган, деб ёзмоқда The New York Times Америкадаги қатор манбаларига таяниб.
Газета маълумотига кўра, АҚШ президентига тақдим этилган вариантлар Теҳрондаги ҳарбий бўлмаган объектларга зарба беришни ҳам назарда тутади. Булар қандай объектлар экани борасида тафсилотлар маълум қилинмаган.
The New York Times суҳбатдошларига кўра, Трамп ҳали якуний қарорни қабул қилмаган, аммо «янги зарбаларга рухсат бериш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда». Юқори мартабали ҳарбий мулозимлардан бири ҳар қандай эҳтимолий ҳужумдан олдин минтақадаги ҳарбий қўмондонларга Америка позицияларини мустаҳкамлаш ва Эрон томондан бўладиган эҳтимолий жавоб зарбаларига тайёргарлик кўриш учун вақт керак бўлишини таъкидлаган.
The Wall Street Journal нашри ҳам Трамп маъмурияти вакиллари вариантлар бўйича дастлабки муҳокамаларни ўтказгани ҳақида ёзмоқда. Расмийлардан бирининг сўзларига кўра, Эрон ҳарбий объектларига кенг кўламли ҳаво ҳужуми уюштирилиши муҳокама қилинган. Яна бир манбанинг айтишича, ҳаракатлар режаси бўйича консенсус йўқ ва ҳозирча Америка ҳарбий техникалари ёки аскарлар зарба беришга тайёргарлик кўриш учун янги позицияларга ўтказилмаган.
Манбалар бу муҳокамаларни одатий режалаштиришнинг бир қисми деб атамоқда, шу билан бирга, Эронга ҳужум муқаррарлигини кўрсатувчи аломатлари йўқлигини қайд этишмоқда.
Оқ уй бу борадаги сўровга жавобан Трампнинг Truth Social ижтимоий тармоғидаги постини ҳавола қилган. Унда шундай дейилади: «Эрон эркинликка интилмоқда, эҳтимол, ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ. АҚШ ёрдамга тайёр!!!».
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғалибафнинг айтишича, АҚШнинг ҳар қандай ҳужуми – Теҳроннинг Исроилга ва АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига жавоб зарбаларига олиб келади.
- Эрондаги намойишлар 28 декабр куни бошланганди, бунга миллий валюта кескин қадрсизланиши ва улкан инфляция сабаб бўлганди. Кўп ўтмай намойишлар амалда бутун мамлакатни қамраб олди, Эрон ғарбидаги икки шаҳар намойишчилар қўлига ўтди. Ҳукумат намойишларни куч билан бостиришга киришган; бу фонда мамлакатда интернет тўлиқ ўчирилган. Турли манбаларга кўра, полиция билан тўқнашувларда ҳалок бўлган намойишчилар сони 200 дан ошган, аммо бу борада расмий маълумот йўқ.