Жаҳон | 13:58 / 14.01.2026
2297
2 дақиқада ўқилади

Рада Шмихал ва Федоров бўйича кутилган тайинловларни қўллаб-қувватламади

Украина собиқ мудофаа вазири Денис Шмихални Энергетика вазирлиги раҳбари лавозимига тайинлаш учун Радада 210 депутат овоз берди. Шунингдек, Михаил Федоровни мудофаа вазири этиб тайинлаш масаласини кўриб чиқишга ўтиш ҳақидаги овоз бериш ҳам муваффақиятсиз якунланди.

Фото: AP / Vadym Sarakhan

Украина Олий радаси 13 январ, сешанба куни бўлиб ўтган овоз беришда Украина собиқ мудофаа вазири Денис Шмихални мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари ва энергетика вазири лавозимига тайинлашни қўллаб-қувватламади. Шу куни Украина рақамли трансформация бўйича собиқ вазир Михаил Федоровни мудофаа вазири этиб тайинлаш масаласини кўриб чиқишга ўтиш ҳақидаги овоз бериш ҳам барбод бўлди.

Олий рада депутати Ярослав Железнякнинг Telegram’даги постига кўра, Украина президенти Володимир Зеленский Денис Шмихални Энергетика вазирлиги раҳбари этиб тайинлаш таклифи учун 210 депутат овоз берган, 4 депутат қарши чиққан, 33 депутат бетараф қолган, 44 депутат овоз беришда иштирок этмаган. Қарор қабул қилиниши учун 226 нафар парламентарий қўллаб-қувватлаши талаб этиларди.

Бундан олдин шу куни — 13 январда Украина парламенти истеъфо ҳақида ариза берган Украина мудофаа вазири Денис Шмихални, рақамли трансформация вазири Михаил Федоровни ва Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) раҳбари Василий Малюкни эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиш тўғрисидаги қарорни қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, 2025 йил 19 ноябрда Рада Украина энергетика вазири лавозимидан Светлана Гринчукнинг истеъфосини ҳам маъқуллаган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид