Хива ва Урганч шаҳарларини ўзаро боғлайдиган Ўзбекистондаги илк пулли йўл 2026 йил август ойида фойдаланишга топширилиши кутиляпти. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Хивани Урганч шаҳри билан боғлайдиган илк пулли йўл қурилишини аллақачон бошлаганмиз. Насиб бўлса, уни кейинги ойда фойдаланишга топширамиз. Бу нафақат ушбу ҳудуд аҳолиси учун, балки хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ҳам муҳим туризм инфратузилмаси сифатида хизмат қилади”, деди давлат раҳбари 22 июл куни Тошкент–Самарқанд пулли йўли қурилишига старт бериш маросимидаги нутқида.

Президент Тошкент–Самарқанд ва Тошкент–Чорвоқ пулли йўллари лойиҳалари ҳозир қайси босқичда эканини ҳам айтди.

“Яна бир йирик лойиҳа: пойтахтни водий билан боғловчи Тошкент–Андижон пулли йўли бўйича ҳам халқаро тендер жараёнлари якунланиш арафасида.

Юртимиз туризм жадал ривожланиб бораётгани учун сўлим Бўстонлиқ туманини Тошкент шаҳри билан боғловчи пулли йўлни лойиҳалаш ишларини якунлаб, хусусий шерикни аниқлаяпмиз. Бу бўйича ҳам тез орада амалий ишларни бошлаймиз.

Умуман, бундай йирик йўлқурилиш лойиҳаларини Қашқадарё, Наманган, Бухоро, Сурхондарёда ҳам тез орада амалга ошириш чораларини кўрамиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.