Жаҳон | 16:04 / 17.01.2026
3238
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Германия ва Австрияга газ етказиб беришни бошлади

Давлатга қарашли Socar компанияси Трансадриатик газ қувури орқали Германияга экспорт бошланганини маълум қилди. Янги етказиб беришлар Озарбойжон газининг Европа бозоридаги иштирокини кенгайтиради.

Фото: РИА Новости/Алексей Витвицкий

Озарбойжон Германия ва Австрияга табиий газ етказиб беришни бошлади, деб хабар қилди жума куни, 16 январда Socar давлат энергетика концерни. Газ Европага Трансадриатик газ қувури (ТГҚ) орқали келади — у Греция–Туркия чегарасидан бошланиб, Греция ва Албания орқали Италиянинг жанубигача етиб боради. У ердан ёқилғи яна шимолга — Австрия ва Германияга ташилади.

Socar’да таъкидлашларича, Италия орқали Австрия ва Германияга етказиб беришлар Озарбойжон газининг Европадаги экспорт географиясини кенгайтиради. Янги бозорларга чиқиш билан Озарбойжон газини импорт қилаётган давлатлар сони 16 тага етди.

Озарбойжон газига талаб Европа мамлакатлари Россиянинг Украинага қуролли ҳужумидан кейин Россиядан етказиб беришга боғлиқликни камайтиришга интилаётгани фонида ошди. Июн ойида Socar Германиянинг Sefe энергетика ҳолдинги билан ҳар йили 1,5 млрд куб метр газ етказиб беришни назарда тутувчи ўн йиллик шартнома тузган.

Sefe аввал Gazprom Germania деб аталган ва 2022 йилдаги энергетик инқироз авжида Германия ҳукумати томонидан банкротликдан қутқариб қолинган.

Socar’даги манбанинг сўзларига кўра, Австрияга йилига 1 млрд куб метргача газ етказиб бериш мумкин. 2025 йилда Озарбойжон газининг Европага умумий экспорти 12,8 млрд куб метрни ташкил этган. Қайд этилишича, етказиб беришни янада ошириш инвестициялар ва қувур инфратузилмасининг ўтказиш қувватини кенгайтиришга боғлиқ бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид