Ассалому алайкум. Бугун 18 январ, якшанба. Қишнинг одатдагидан иссиқ келган кунлари ортда қолиб, совуқ кунлар бошланди. Афсуски, кунлар совиши билан электр ва газда узилишлар кўпайди, яна газ қуйиш шохобчалари олдида тирбандлик. Қишнинг ярми энергетика тизимига оғирлик қилмайдиган даражада илиқ ўтганига қарамай, барибир узилишлар бўляпти. Майли, қачондир хулоса қилишар.
Бизга ўхшаб 15 йил аввал газдан узилган қишлоқда яшасангиз, маслаҳатим «свет»га ишониб қолманг. «Шум бола»даги Омон айтганидай, биринчидан, қиммат, иккинчидан, исталган вақтда ўчиб қолиши мумкин. Ота-боболаримизни асрлар давомида қишдан олиб чиққан ўтин ва кўмирдан ишончлиси йўқ, айтиб қўяй. Биз одатдагидек ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Эронда намойишлар
Бу ҳафта ҳам Эронда намойишлар тинчигани йўқ. Энди бемалол айтсак бўлади, бу мамлакат замонавий тарихидаги энг жиддий намойишлар бўляпти. Халқаро ташкилотлар қурбонлар сони мингдан ошганини айтмоқда, эронликлар мамлакатдаги ўликхоналардан олинган видеоларни минг километрлаб интернет қидириб, ташқи дунёга етказяпти. Бошқа давлатга чиқиб кета олган эронликлар журналистларга ўликлар жуда кўп эканини айтиб бермоқда.
Илон Маск Starlink’ни Эронда текин қилиб қўйгани айтилмоқда. Теҳрон эса бутун мамлакатни интернетдан узиб қўйишни эплаганидан руҳланиб эндиликда Эронни тўлиқ ташқи интернетдан узиш ҳақида ўйлаётгани борасида хабарлар бор. Яна баъзи хабарларга кўра, Россия Эронда интернетни блоклашга ёрдам бераётган экан.
Хуллас, эронликлар жуда ёмон кунларни бошдан кечирмоқда. Нарх-наво ошганидан норозилик кайфиятида бошланган намойишлар қонли тўқнашувларга айланиб кетди. Энг ёмони, у ерда нима бўлаётганини билиб бориш имконсиз. Режим бор кучи билан намойишларни бостиришга интилмоқда, лекин намойишчилар бу гал бўш келмоқчи эмас. Улар нефтга ва истеъдодли инсонларга бой эронликлар ҳозиргидек инқирозда, халқаро яккаланишда эмас, озод, бой, тамаддуннинг бир қисми сифатида яшашга ҳақли, дейишмоқда.
«Ёрдам йўлда»
АҚШ президенти Трамп Эрондаги воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. У намойишчиларни қатл этиш давом этса, Эронга зарба бериш билан таҳдид қилди. Трамп Эронга зарба беришга қарор ҳам қилди, мамлакатнинг Қатардаги ҳарбий базасидан аскарлар эвакуация қилинди, Эрон бир муддат осмонини ҳар қандай парвозлар учун ёпди. Трамп Мадурони олганидан кейин энди унинг таҳдидларини жиддий қабул қилишмоқда. Балки шунинг учундир, Теҳрон намойишчиларни қатл этмаслигини маълум қилди. Трамп бунга жавобан Эронга зарба бермасликка қарор қилди. Айтганча, араб давлатлари Трампдан «Эронга яна бир имкон беришни сўрагани» айтилмоқда.









