2025 йил декабрида Петропавловск-Камчатский регионида 370 миллиметр ёғин тушганди (бу ойлик норманинг 316 фоизи дегани), 2026 йил январ ойининг биринчи ярмида эса шаҳарда яна 163,6 миллиметрлик қор ёғган (бу ойлик норманинг 150 фоизидир), деб хабар берган «Камчатка-Информ» агентлиги ҳудудий гидрометеомарказга асосланиб.
Шаҳарда қор қоплами баландлиги 170 сантиметрга етган, айрим районларда бу кўрсаткич 2,5 метрдан ортиқ. Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда беш метргача баландликдаги қор уюмлари ҳақида ёзишган.




Петропавловск-Камчатскийда муниципал даражадаги фавқулодда вазият режими давом этмоқда. 17 январга келиб Камчаткага қор ёғдирган циклонлар чекина бошлаган бўлса-да, регионда қор кўчкиси хавфи ҳақида огоҳлантириш ҳамон амал қилмоқда. Душанбага ўтар кечаси Петропавловск-Камчатский кўчаларидан 2,5 минг метр куб қор олиб чиқиб кетилган.
Камчатгидромет раҳбари Вера Полякованинг маълум қилишича, сўнгги бир ярим ой ичида Камчаткада юзага келган об-ҳаво шароити экстремал тоифасига киради ва жуда камдан кам ҳолларда қайд этилади. «Сўнгги марта бундай миқёсдаги вазият 1970-йиллар бошларида қайд этилган, ўшанда қисқа вақт ичида бир вақтнинг ўзида бир неча ойлик ёғингарчилик миқдори кузатилган. Замонавий кузатувлар даври учун бундай шароитлар жуда кам учрайди», – деди у фавқулодда вазиятни бартараф этиш комиссияси йиғилишида.
Қор коллапси фонида Петропавловск-Камчатскийда йўловчи автобуслар ҳаракати тўхтаб қолган. Одамларни Росгвардия автозаклари ва ободонлаштириш хизматлари учун мўлжалланган махсус автобусларда ташишмоқда. Фақат 17 январ кунидан йўловчи автобуслари ҳаракати муайян чекловлар билан қайта тикланди.
Аҳолининг уйларини қор босиб қолган, уларни тозалашда қутқарувчилар ва ҳарбийлар ёрдам бермоқда. «Авито» эълонлар сайтида уйлар ва машиналарни қордан тозалаш хизматлари нархи 80 минг рублгача кўтарилган. Қор ёғиши туфайли регион пойтахтида чиқинди ташиш деярли тўхтади. Бунинг асосий сабаби – коммунал хизмат машиналари қор босган ҳовлиларга кира олмаяпти.












