20 январ куни ўтказилган тақдимотда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар ва клиникалар фаолиятини ўрганиш натижалари ҳақида ахборот берилди.

Қайд қилинишича, ишчи гуруҳлар 2025 йил сентябр-декабр ойларида 37 та республика даражасидаги тиббиёт марказлари ва клиникалар фаолиятини комплекс ўрганиб, қатор ташкилий ва бошқарув камчиликларини аниқлаган. Уларни бартараф этиш учун 27 та банддан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, у тиббий хизмат сифатини ошириш, ҳудудлар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, кадрлар салоҳияти ва илмий-тадқиқот фаолияти, молиявий интизом ва ресурслардан самарали фойдаланиш йўналишларини қамраб олади.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда хорижий экспертларни жалб этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Жамоат саломатлиги, соғлиқни сақлашни режалаштириш ва миллий лаборатория тизимини ислоҳ қилиш бўйича техник шартлар ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур чора-тадбирларни амалга оширишда 25 та халқаро ва 19 та маҳаллий экспертни жалб қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, Республика онкология маркази ва унинг ҳудудий филиалларини модернизация қилиш лойиҳаси тақдимот қилинди.

2021 йилда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)” лойиҳаси доирасида марказнинг янги мажмуаси ва унинг 13 та филиали учун жами 61 миллион долларлик 119 турдаги тиббий ускуналар харид қилинган. Яна 5,6 миллион доллар ҳисобига қўшимча 5 турдаги ускуналар харид қилиниши назарда тутилган.

Бунга қўшимча равишда жалб қилинадиган 10 миллион доллар ҳисобидан марказ учун 80 турдаги 1027 дона тиббий жиҳозлар, шунингдек, радиофармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган циклотрон ва радиосинтез лабораториясини харид қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, давлат раҳбарига фармацевтика тармоғини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Фармацевтика тармоғи ҳозирда саноатимизнинг юқори суръатларда ўсиб бораётган йўналишларидан бирига айланмоқда. Бугунги кунда тармоқда 2,3 миллиард долларлик 156 та лойиҳа амалга оширилмоқда, 2025 йилда 362 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ҳамда 2,4 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Тармоқ корхоналари томонидан қиймати 7,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, дунёнинг 55 та давлатига 220 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.