Венада Австриянинг ҳозир тарқатиб юборилган Конституцияни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш федерал идораси (BVT)нинг собиқ ходими Эгисто Отт иши бўйича суд жараёни бошланди. У Россия фойдасига жосусликда гумонланмоқда. “Бош инспектор Отт кўп йиллар давомида Россия махсус хизматини Австрия Республикаси манфаатларига зарар етказган ҳолда қўллаб-қувватлаб келган”, — деди прокурор пайшанба куни, 22 январда Вена ер судидаги эшитувларнинг биринчи кунида.

Оттга давлатга хиёнат қилиш, Австрия хавфсизлиги ва у жосуслик қилган шахслар хавфсизлигига таҳдид солиш айбловлари қўйилган. Бундан ташқари, унга хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш ва порахўрлик ҳам айб сифатида қўйилмоқда.

Айблов хулосасига кўра, Отт 2015–2022 йиллар оралиғида Австрияда ва хорижда махфий маълумотлар тўплаб, буни Wirecard компаниясининг собиқ топ-менежери Ян Марсалек топшириғи билан амалга оширган. Марсалек 2020 йили Россияга қочиб кетган ва халқаро қидирувда.

Жумладан, Австрия махсус хизмати ходими “Европа маълумотлар базалари”дан фойдаланиб маълумот йиғган ва Италия ҳамда Буюк Британияга “ёрдам сўровлари” юборган. Унинг қизиқиш объекти — ўз мамлакатидан қочиб чиққан Россия фуқаролари, шунингдек бир журналист ва Россия разведкасининг собиқ ходими бўлган.

Австрия прокуратураси маълумотларига кўра, Отт маълумотларни Москвага Марсалек орқали, шунингдек Болгария фуқароси орқали ҳам етказган. Ушбу болгариялик шахс 2025 йили Лондонда Россиянинг жосуслик тармоғи иши доирасида судланиб, ҳукм қилинган. Мавжуд маълумотларга кўра, Отт бунинг учун 80 минг евродан ортиқ пул олган.

AFP агентлиги ўз қўлидаги айблов хулосасига таяниб ёзишича, австриялик терговчилар Оттни 2019 йили Берлиндаги Тиргартен боғида чечен қўмондони бўлган Зелимхон Хонқошвилининг Россия агенти Вадим Красиков томонидан ўлдирилиши билан боғлайдиган ҳужжатни топган. Прокуратура бу ҳужжатни “ЕИ ҳудудида келгусида тўсиқсиз ва муваффақиятли суиқасдлар қилиш бўйича йўриқнома” деб атаган.

Dpa агентлиги прокуратура маълумотларига таяниб хабар беришича, Хонқошвили ўлдирилгани ва Красиков қўлга олинганидан икки ҳафта ҳам ўтмай, Отт операциядаги омадсизликлар таҳлили ва разведка маълумотлари асосида қотилликларни қандай ўтказиш бўйича тавсиялар тайёрлаган. Прокурорнинг айтишича, бу ҳисобот Австрия ҳокимияти топшириғи билан тайёрланмаган, чунки “Австрия хорижда одам ўлдиришни буюрмайди”.

Шунингдек, прокуратура Оттни Австрия ИИВнинг бир неча юқори лавозимли амалдорларига тегишли мобил телефонлар ҳақидаги маълумотларни Москвага узатганликда ҳам айбламоқда. Натижада Россия ҳокимияти минглаб контактларга кириш имконига эга бўлган ва Австрияда яшаётган украин ва чечен қочқинларининг хавфсизлиги таҳдид остида қолган.