Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги янги элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Ҳаймедни қабул қилди. Учрашув чоғида элчи ўзининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, шу билан мамлакатдаги дипломатик фаолияти расман бошланди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда маданий алмашинувни фаоллаштириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Учрашув якунида Бахтиёр Саидов элчига Ўзбекистондаги дипломатик фаолияти давомида муваффақиятлар тилаб, унинг фаолияти икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.