Жаҳон | 15:42
2175
3 дақиқада ўқилади

Трамп: АҚШ ҳарбий кемалари Эрон томон йўл олмоқда

“Катта флот” Эрон соҳиллари томон — “ҳар эҳтимолга қарши” кетяпти, деди АҚШ президенти. Reuters маълумотига кўра, Яқин Шарққа “Авраам Линколн” авиаташувчиси ва бир неча эсминец етиб боради.

Фото: Fazry Ismail/AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар эҳтимолини яна рад этмади — бу мамлакатда ҳокимият оммавий норозилик акцияларини қаттиққўллик билан бостирган. “Бизда армада бор — улкан флот ҳар эҳтимолга қарши шу томон ҳаракатланяпти. Балки уни ишлатишга тўғри келмас. Кўрамиз”, — деди Трамп пайшанба куни, 22 январда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ)дан қайтар экан, журналистларга.

Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари Теҳронга қарши ҳарбий куч ишлатишни истамаслигини ҳам қўшимча қилди. “Биз Эронни кузатяпмиз, — деди у. — Биз уларни жуда диққат билан кузатяпмиз”.

Reuters агентлиги исмини ошкор қилмасликни сўраган америкалик амалдорларга таяниб хабар беришича, яқин орада Яқин Шарққа “Авраам Линколн” авиаташувчиси бошқариладиган ракеталарга эга бир неча эсминец ҳамроҳлигида етиб боради. Агентлик манбаларидан бири, шунингдек, Эрон томонидан эҳтимолий зарбалардан АҚШ базаларини ҳимоя қилиш учун минтақада қўшимча ҳаво мудофааси тизимларини жойлаштириш эҳтимоли ҳақида ҳам айтган.

АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилиш тармоғи Эрондаги оммавий намойишларни бостириш пайтида 5002 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, бу рақамга 4714 нафар намойишчи, 207 нафар давлат ходими, 42 нафар вояга етмаган ва 39 нафар тасодифий шахс киради. Яна 9787 та ўлим ҳолати бўйича текширув давом этяпти.

Аввалроқ Эрон ҳукумати вакили ҳам Reuters агентлигига махфийлик шарти билан шунга яқин рақамни айтган: камида 5000 киши ҳалок бўлган, улар орасида тахминан 500 нафар куч тузилмалари ходимлари бор. Амалдор “айби йўқ эронликлар” ўлими учун айбни намойишчиларнинг ўз зиммасига юклаган.

Бундан ташқари, HRANA фаоллари маълумотига кўра, тахминан 26 800 киши ҳибсга олинган. Эрон давлат ОАВ ҳам мамлакатнинг бир неча ҳудудларида сўнгги кунларда кўплаб ҳибслар бўлганини хабар қилган.

Трампнинг бу баёнотлари 2025 йил декабри охирида бошланган Эрондаги намойишларни қаттиққўллик билан бостириш фонида янгради. Аввалроқ АҚШ президенти, агар Эрон ҳокимияти намойишчиларни оммавий равишда ўлдира бошласа, Эронга “ҳали кўрилмаган зарбалар” бериш билан таҳдид қилган ва намойишчиларга ёрдам “йўлда” эканини айтган эди. Бироқ 16 январ куни Трамп юмшоқроқ оҳангда гапириб, “Эрон 800 дан зиёд одамни осиб ўлдиришни бекор қилди”, деган.

Шу билан бирга, Трамп маъмурияти ҳарбий ҳаракатларга тайёргарликни давом эттирган. Axios нашри манбаларга таяниб, Трамп зарбалар ҳақида қарорни кечиктирганини, аммо ҳарбий вариант кун тартибидан олиб ташланмаганини қайд этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид