Ўзбекистон | 17:33
3491
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 16 оператор фаолият юритган “кибербункер” фош этилди

Чилонзор туманида кўп қаватли уй ертўласида “кибербункер” аниқланди. Унда 16 нафар оператор ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган. Гуруҳ аъзоларининг бошқа ҳудудлардаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлиги текширилмоқда.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ноқонуний “кибербункер” фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Унда пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган кўп қаватли уй ертўласида ноқонуний Call марказ – “кибербункер” аниқланган.

Андижон вилоятида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жинояти билан икки марта судланган 32 ёшли Ж.Т. ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларга гўёки Uzum Market савдо иловасининг “ютуқли ўйини” ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Улар “совға” учун тўлов фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча “Alhikma Ilm” МЧЖга ўтказилишини, кейинчалик эса ушбу маблағлар уларнинг корхонаси томонидан қоплаб берилишини ваъда қилиб, жабрланувчилардан маблағлар ўтказилишига эришган.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини гўёки маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Маҳсулот етказиб беришни талаб қилган ёки “устингиздан шикоят қиламан” дея норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборган. Бу йўл билан жабрланувчиларнинг эътибори чалғитилиб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитларини тўлиқ ўзлаштиришга эришилган. Маблағлар ўтказиб бўлингач, кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа бутунлай узиб қўйилган.

Текширувлар давомида “Alhikma Ilm”, “Aksiya Tech Shoop” ва “Grandbook” МЧЖлар орқали “кибербункер”да 16 нафар оператор фаолият юритгани, улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилиб, дастлабки терговга қадар 50 кишининг 200 млн сўмдан ортиқ маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштиргани аниқланган. Тезкор тадбир давомида 22 та компютер жамланмаси, мобил телефонлар, СИМ-карталар, банк пластик карталари ҳамда 2 500 нафардан ортиқ фуқаронинг тўлиқ қайд этилган шахсий ва молиявий маълумотлари рўйхатлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда гуруҳ аъзоларининг бошқа ҳудудлардаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлиги, шунингдек, фуқароларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Alhikma Ilm”, “Aksiya Tech Shoop” ва “Grandbook” МЧЖлар фаолияти билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан жабр кўрган фуқаролар Тошкент вилояти ИИББнинг +998717622135, +998717622024, +998717622025 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари сўралган.

Ўзбекистонликлар 11 ойда кибержиноятлардан 1 трлн 890 млрд сўм зарар кўрди

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид