Йиғилишда вилоятда камбағаллик ва ишсизликни янада қисқартириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида кескин ўсишга эришиш бўйича режалар кўриб чиқилди.

Хусусан, 2026-2027 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатларини 8,5 фоизга етказиш, саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 8 фоизга ошириш, 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва йиллик экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йилда вилоятда ишсизлик даражасини 3 фоизга, камбағалликни 2,8 фоизга тушириш, 182 та маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш кўзда тутилган. Давлат раҳбари бу мақсадларга вилоятдаги маҳаллаларни чуқур ихтисослаштирмасдан эришиб бўлмаслигини қайд этди.

Шу муносабат билан вилоятда келгуси икки йилда янги модель ривожлантирилади. Ҳудуддаги 304 та маҳалланинг солиштирма устунликлари таҳлил қилиниб, уларнинг боғдорчилик, чорвачилик, сабзавот ва полизчилик, саноат, сервис ҳамда туризм йўналишларига ихтисослашувини чуқурлаштириш дастури ишлаб чиқилди.

Дастур доирасида 5 минг гектар эски боғ ва токзорларда сертификатланган кўчатлар экиш, 4,6 минг гектар саноатлашган плантациялар барпо этиш, 10 минг гектар аҳоли томорқаси ва ижара ер майдонларида ҳосилдорлиги юқори ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, 101 минг бош чорва молларининг наслини янгилаш, 5 та саноат микромарказлари, 6 та йирик туризм мажмуаларини ташкил этиш, ҳар бир туман марказида истироҳат боғларини барпо қилиш ва гавжум кўчалар ташкил этиш каби ишлар амалга оширилади.

Йиғилишда “драйвер” лойиҳалар инфратузилмасини мустаҳкамлаш учун жорий йилда 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Саноатни ривожлантириш мақсадида 2026-2027 йилларда умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бунда вилоятдаги қўрғошин-рух, вольфрам, олтин ва бошқа норуда конлардан самарали фойдаланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Зомин туманида қишлоқ хўжалиги илмий-саноат парки лойиҳасининг тақдимотида маккажўхорини қайта ишлаб, юқори фруктозали сироп ва аллюлоза ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режалаштирилгани айтилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишида наслли чорва молларни харид қилиш, туячиликни ривожлантириш, “Жайилма” каналини реконструкция қилиш чоралари кўрилади.