Инсонлар бир-бирининг кўнглига қараши, авайлаши керак, деб ҳисоблаймиз. Бироқ доим ҳам ичингдагини яшириш, ён-атроф учун рол ўйнаб беришнинг ўзи бўлмайди, чарчайсиз. Бугун “5 дақиқа”да дунёнинг энг таниқли адибларидан бири Албер Камюнинг “Бегона” қиссаси орқали жамиятда рол ўйнашни истамаган инсон фожиаси ҳақида гаплашамиз.

Китобнинг биринчи жумласини ўқибоқ, безовта бўласиз. Эътибор қилинг: “Бугун онам ўлди. Ёки кечамикан, билмайман”. Ҳеч шунақа бўлиши мумкинми? Чунки биз она ўлими ҳақида бундай совуқ, бефарқ гапиришга ўрганмаганмиз ахир.

Асар қаҳрамони Мерсо оддий одам. Унинг ҳаётида катта мақсадлар, баланд орзулар, жамиятни қутқариш истаги йўқ. Лекин у бир жиҳати билан бошқалардан фарқ қилади. Мерсо ёлғон гапирмайди. Ва айнан шу ростгўйлик унинг фожиасига айланади.

Онасининг ўлими ҳақида хабар келганида, Мерсо қайғуни жамият кутган шаклда намоён этмайди. У йиғламайди, изтироб чекяптими йўқми, билдирмайди. Аксинча, уни бошқа нарсалар безовта қилади: Маросимлар учун ишдан рухсат сўраш керак, бошлиқнинг қовоғига қараш лозим, дам олиш куни ҳам расво бўлади энди. Мерсо шулар ҳақида ўйлайди.

Йигит онасининг тобути ёнида тунни ўтказади. Бу саҳна жуда муҳим. Чунки одатда адабиётда бундай пайтда қаҳрамоннинг ички драмаси очилади. Лекин, Мерсо ўша ерда ҳам ўзини бошқача тутади. Иссиқдан безовта бўлаётганини, хонада нафас олиш қийинлашганини ҳеч кимдан яширмайди. У майит олдида сигарет чекади, озгина мизғиб ҳам олади.

Бошқаларга ўхшамаган одам - энг хавфли одам...

Дафн маросимидан кейин Мерсо ҳаётини давом эттиради. У дам олади, кўча айланади, Мари исмли қиз билан танишади. Мари ҳаётни яхши кўрадиган, таъсирчан қиз. У Мерсони ёқтириб қолади. Улар бирга вақт ўтказади, кино кўришади, денгизда сузишади. Бу жойда ўқувчида норозилик пайдо бўлади. “Қандай қилиб кечагина онаси ўлган одам шундай қила олиши мумкин?”

Камю айнан шу савол орқали жамиятнинг иккиюзламачилигини очади. Чунки жамият инсоннинг ички ҳолатини эмас, унинг ташқи ҳаракатини баҳолайди. Агар инсон қайғуни жамият белгилаб берган қолипда кўрсатмаса, у бегона, деб ҳисобланади.

Асардаги энг кескин нуқта пляжда содир бўлган қотилликдир. Йигит нафратланмасдан, қасос ёки олдиндан ўйланмаган режа билан бир одамни ўлдириб қўяди. Йигитнинг пешонасини қуёш қиздириб, кўзини қамаштирётгани гўёки ғашини келтиради. Қотиллик инсон иродасидан ташқарида содир бўлгандай тасвирланади. Ёзувчи шу орқали инсон тақдирини баъзан катта қарорлар эмас, кичик лаҳзалар ҳал қилиши мумкинлигини кўрсатади.