Ўзбекистон | 14:26
786
2 дақиқада ўқилади

Қуролли тўқнашувларда иштирокни тарғиб қилувчи маҳсулотлар учун жавобгарлик белгиланмоқда

Қонунчилик палатаси мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Лойиҳада қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирокни тарғиб қилувчи маҳсулотлар учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф этилмоқда.

Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, айрим ҳолатларда ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилди.

Қонун лойиҳаси билан ана шундай маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. Ушбу норма жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ноқонуний фаолиятни тарғиб қилишнинг олдини олиш ҳамда ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотларни чеклашга қаратилгани таъкидланди.

Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар жамиятда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид