Англия лигаси кубоги, яримфинал, жавоб учрашуви
«Манчестер Сити» – «Нюкасл Юнайтед» 3:1
Голлар: Мармуш, 7 (1:0). Мармуш, 29 (2:0). Рейндерс, 32 (3:0). Эланга, 62 (3:1)
«Манчестер Сити»: Траффорд, Аке (Аллейн, 46), Ҳусанов, О`Райли (Родри, 71), Матеус Нунес, Гонсалес (Люис, 83), Рейндерс, Фоден (Шерки, 72), Айт Нури, Семенё (Ҳоланд, 71), Мармуш
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Ботман, Бёрн, Тиау, Тонали, Рэмси, Ҳолл (Висса, 46), Триппиер (Осула, 76), Уиллок (Эланга, 46), Гордон (Барнс, 44), Волтемаде (Мёрфи, 46)
Огоҳлантиришлар: Матеус Нунес, 27. Гонсалес, 78. Родри, 90
(Биринчи ўйин 2:0)

Англия лигаси яримфиналининг «Сент-Жеймс Парк»да кечган биринчи ўйинида «Манчестер Сити» жавобсиз икки гол урганди ва бу жавоб учрашувида мезбонларнинг босимсиз ҳаракат қилишини таъминлади.

Биринчи ўйиндагидан фарқли ўлароқ, «Манчестер Сити» ҳужум чизиғида бу сафар Ҳоланд эмас, Мармуш илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Гвардиоланинг бу қарори тўғри бўлиб чиқди – мисрлик ҳужумчи ярим соат ичида дублни расмийлаштирди.

«Нюкасл» гол уриш учун олдинга бориши ва ҳужум қилиши талаб этиларди. Мезбонлар тўпга эгалик қилишди ва комбинациялар уюштиришди, меҳмонлар эса ўрта блокда прессинг қилишга ва қарши ҳужумларга ўтишга ҳаракат қилди. Аммо еттинчи дақиқадаёқ «Манчестер Сити» шу куни беш ҳимоячи билан тушган «қарғалар» мудофаасини ёриб ўтди – Мармуш Рейндерс билан девор услубида ўйнаб, жарима майдонига кириб борди ва зарба бериш позициясида пайдо бўлди. Меҳмонлар ҳимоячиси Бёрн подкат билан тўпга улгурди, аммо тўпни узоқлаштира олмади ва тўп мисрлик ҳужумчи орқали барибир дарвоза тўрига бориб тушди.

Гвардиола жамоаси тезроқ, бир маромда ва креативроқ ҳаракат қилди. Жамоалар даражасидаги фарқ яққол кўзга ташланарди. «Нюкасл» иккита ўта хавфли вазиятдан фойдалана олмади. Биринчи вазиятда «Манчестер Сити» футболчиларининг муваффақиятсиз прессинги Уиллок дарвозабон билан яккама-якка  вазиятга чиқиб боришига олиб келди, аммо Траффорд майдон эгаларини муқаррар голдан қутқариб қолди. Меҳмонлар ҳавбек дарвозабонни алдаб ўтишга қарор қилганди, аммо тўпни олдириб қўйди. Кейин эса меҳмонлар Рамсдейлнинг узун узатмасидан кейин иккинчи қаватдаги курашда тўпни ютиб олишди ва Гордон яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Бу вазиятда ҳам Доннарумманинг ўринбосари ажойиб сейв ижро этди.

Шундан кейин ўйин фақат бир дарвоза томонга кеча бошлади – Гвардиола жамоаси кетма-кет вазиятлар яратди. Ўйиннинг ярим соати ортда қолаётганида Траффорд бошлаб берган ҳужум Мармушнинг иккинчи голи билан якунланди. Ҳужум давомида Рейндерс тўпни рақиб жарима майдонига қадар олиб борди ва Семенёга пас берди, вингер эса дарвозабон ҳудудида очилаётган мисрлик жамоадошига тўп узатди. Триппиер тўп йўлини тўсишга ҳаракат қилди, аммо буни яхши уддалай олмади. Тўп унинг оёғидан ҳавога кўтарилди ва Мармуш турган жойга келиб тушди, у эса осонлик билан дарвозани ишғол этди.