2026 йил январида Америка қўшинлари Ироқнинг федерал ҳудудларини шов-шувсиз тарк этди. Фақат яримавтоном Курдистон вилоятида АҚШ ҳарбий базаси сақлаб қолинди. 20 йилдан ортиқ давом этган бу уруш Яқин Шарқни бутунлай ўзгартирди. Хўш, АҚШ аслида Ироққа қандай мақсадда бостириб кирган эди ва якунда нимага эришди? Бу тарк этиш нега АҚШ–Эрон зиддиятининг авж палласида рўй бермоқда?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар АҚШнинг Ироқдан чиқиши ортидаги реал сабаблар хусусида сўз юритади.

— АҚШ Ироққа бостириб киришида нимани сабаб қилди ва бу ўз тасдиғини топдими?

Камолиддин Раббимов: 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ Яқин ва Ўрта Шарқ минтақасини, яъни мусулмон дунёсини тубдан ўзгартиришни ўзининг асосий стратегик мақсадларидан бири сифатида белгилади. Шу сиёсат доирасида 2001 йил октябр ойида Афғонистонга, 2003 йил март ойида эса Ироққа бостириб кирилди. Ироққа бостириб киришдан олдин АҚШ халқаро ҳуқуқ талаб қиладиган БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсатини олмади ва бу масалани овозга ҳам қўймади. Чунки Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг айримлари вето қўллашини биларди.

Шу сабабли АҚШ ҳуқуқий асос сифатида аввалроқ қабул қилинган, хусусан Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонга таянган 1441-сонли резолюцияни келтирди. Шу билан бирга, халқаро рухсат олинмаган бўлса-да, АҚШ ҳукумати ички қонунчилигига мувофиқ Конгрессдан ҳарбий амалиёт учун розилик олди.

АҚШ томонидан илгари сурилган асосий даъво шундан иборат эдики, Саддам Ҳусайн яширин ва ноқонуний тарзда оммавий қирғин қуроллари, жумладан ядровий қурол ишлаб чиқармоқда ҳамда бу қуроллар глобал миқёсда катта фалокатга олиб келиши мумкин. Шу сабабли Саддам Ҳусайн режими ва унинг қўлидаги эҳтимолий ядровий салоҳият йўқ қилиниши кераклиги таъкидланди. Кейинчалик аниқланишича, узоқ йиллар давом этган халқаро санкциялар ва илмий-техник имкониятларнинг етишмаслиги сабабли Ироқ ядровий қурол дастуридан амалда аллақачон, яъни 1980-йилларнинг ўзида воз кечган эди. Шунга қарамай, Жорж Буш ва унинг вице-президенти Дик Чейни айрим мустақил тадқиқотчилар, таҳлилий марказлар ва давлат институтларига сиёсий босим ўтказгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Мазкур босимнинг моҳияти шундан иборат эдики, Ироққа ҳарбий аралашув барибир амалга оширилади, бунинг учун эса Саддам Ҳусайнда оммавий қирғин қуроллари мавжуд деган даъвони асослаб бериш талаб қилинган. Бу жараёнда ҳақиқатни аниқлаш эмас, балки аллақачон қабул қилинган сиёсий қарорни оқлаш устувор бўлган.