Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Норвегия полицияси собиқ бош вазирнинг Эпштейн билан алоқаларини текширмоқда
Турбёрн Ягландни Жеффри Эпштейн билан боғлиқ оғир коррупция жиноятларида гумон қилишмоқда. Норвегия полицияси тергов бошлади. Бироқ мамлакатнинг собиқ бош вазири адвокати иш ижобий якун топишига ишонч билдирмоқда.
Фото: AP
Норвегия полициясининг иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлинмаси (Oekokrim) мамлакатнинг собиқ бош вазири, Норвегия Нобел қўмитасининг собиқ раиси Турбёрн Ягландга нисбатан тергов бошлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги пайшанба, 5 феврал куни хабар берди. Аниқлаштирилишича, Ягландга нисбатан америкалик молиячи Жеффри Эпштейн (фоҳишабозликни ташкил этгани учун судланган) билан боғлиқ оғир коррупция жиноятлари ҳақидаги шубҳалар мавжуд.
“Oшкор қилинган ҳужжатлар қамраб олган даврда у (Турбёрн Ягланд — таҳр.) Норвегия Нобел қўмитаси раиси ва Европа Кенгаши бош котиби лавозимларида ишлаган. Шунинг учун текширув ўтказишга жиддий асослар бор, деб ҳисоблаймиз”, — деди Oekokrim раҳбари Паал Лёсет. У терговни бошлашга сабаб сифатида Эпштейн иши бўйича яқинда ошкор қилинган янги ҳужжатлардаги маълумотларни кўрсатди.
Reuters ёзишича, ҳозирча Ягландга нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Журналистлар маълумотига кўра, терговчилар у юқорида тилга олинган лавозимларда ишлаган пайтида совғалар олган-олмагани, саёҳатларга чиққан-чиқмагани ёки кредитлар олган-олмаганини текширмоқда. Шу мақсадда полиция ундан иммунитетни олиб ташлашни сўраган, чунки у халқаро ташкилотнинг собиқ раҳбари сифатида муайян иммунитетга эга бўлган.
Ўз навбатида, Норвегия ТИВ раҳбари Эспен Барт Эйде бу илтимосни қондиришини маълум қилди. “Бу ишда фактлар ойдинлашиши муҳим”, — деб таъкидлади вазир. У Осло Европа Кенгаши вазирлар қўмитасига Турбёрн Ягландни иммунитетдан маҳрум қилиш таклифини киритишини ваъда қилди.
Ягланд адвокатларидан бири эса мижози тергов билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишини билдирди. “Ҳозиргача аниқлаган маълумотларимизга таяниб, иш ижобий якун топишига ишонамиз”, — деди у.
Нобел қўмитаси матбуот котибларидан бири бу мавзуда изоҳ беришдан бош тортди, бироқ Норвегия қўмитаси ҳам мазкур иш тергов қилинишига қизиқиш билдираётганини қўшимча қилди.
Reuters эслатишича, Ягланд — Норвегияда Эпштейн билан алоқалари текширилаётган ягона таниқли шахс эмас. Масалан, валиаҳд малика Метте-Марит Эпштейнга айблов ҳукми чиқарилганидан кейин ҳам у билан алоқани давом эттирганини тан олган. Бу ҳолатни у ўзи “нотўғри баҳолаш” деб атаган.
Мавзуга оид
15:41 / 04.02.2026
Норвегияда монархия инқирози юзага келди
11:30 / 03.02.2026
🔴 LIVE: Эпштейн иши ва тугаётган ядровий келишув | "Геосиёсат"
09:01 / 31.01.2026
АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 млн саҳифадан ортиқ материални эълон қилди
15:09 / 13.01.2026