28 август куни Норвегия қироли Харалд V вафот этди. Бу ҳақда қироллик саройига таяниб Reuters хабар берди. 89 ёшли қирол 1991 йилдан буён тахтни бошқариб келаётган эди.

BBC'нинг ёзишича, тахтдаги 35 йиллик бошқарувидан сўнг, Харалд V халқчил монарх ва ислоҳотчи сифатида ёдда қолади. Унинг асосий хизматларидан бири — монархияни замон ва ўзгарган анъаналарга мос равишда модернизация қилганидир. Шу билан бирга, у Норвегия учун энг қийин дамларда ҳам миллатни жипслаштира олган шахс бўлиб қолди.

Кеча, тонгда қироллик саройи 89 ёшли Норвегия қиролининг саломатлиги «ўта оғир» ҳолатгача ёмонлашгани ҳақида хабар берганди.

Қиролнинг вафотидан бироз олдин қироллик оиласи аъзолари Ослодаги университет шифохонасида тўпланишди. Харалд V 24 август куни гемолитик анемияни даволаш билан боғлиқ асоратлар сабабли айнан шу шифохонага ётқизилган эди. Бу эритроцитларнинг тез парчаланиши билан кечадиган камёб касалликдир.

Қирол шифохонада бўлиб турган вақтда унинг 53 ёшли ўғли, валиаҳд шаҳзода Хокон регент вазифасини бажариб турди.

Энди Хокон автоматик равишда қирол Хокон VIIга айланади ва Норвегия давлати раҳбари сифатида отасининг ўрнига ўтади. Норвегия монархи асосан маросим ва вакиллик ролига эга.

Ёши ва саломатлигидаги муаммолар сабабли қирол Харалд ҳали 2024 йилдаёқ ўзи иштирок этадиган оммавий тадбирлар сонини қисқартирган эди. Ўша йили Малайзиядаги таътил вақтида орттирилган хасталикдан сўнг, қиролга кардиостимулятор ўрнатилган эди.