Ўзбекистон | 14:54
774
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Покистон президенти билан музокара ўтказди

“Айвони Садр” қароргоҳида ўтган учрашувда Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрига давлат ташрифи доирасида “Айвони Садр” қароргоҳида Покистон президенти Асиф Али Зардорий билан тор доирада ҳамда делегациялар иштирокида учрашув ўтказди.

Музокараларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ҳамда долзарб йўналишлари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Асиф Али Зардорий давлат раҳбарини стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлгани муносабати билан табриклади ва мазкур давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга янги суръат бағишлайдиган тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Янги Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳоланди.

Турли даражалардаги фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони барқарор ўсиб бораётгани, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.

Исломободдаги саммитга тайёргарлик доирасида ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда сиёсий маслаҳатлашувлар самарали ўтказилгани қайд этилди.

Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш, ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро форумнинг биринчи йиғилишини шу йил Хивада ўтказишга келишиб олинди.

Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро кун тартиби бўйича позициялари ўхшаш экани, бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини яна бир бор тасдиқлади.

Маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш, таълим, экология, спорт ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга ўзаро интилиш қатъий экани қайд этилди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Асиф Али Зардорийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид