Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар фаол тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар жадал ривожланмоқда.

Ўтган йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми салкам 500 миллион долларга етди. Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар кўпайди. Банклараро корреспондентлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда. Тўқимачилик, фармацевтика, кимё, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Томонлар ушбу ташриф арафасида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувлар ва Ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг натижаларини олқишлади. Ташриф доирасида Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг кўргазмаси ўтказилмоқда.
Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг биринчи йиғилишини яқин кунларда Тошкентда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон – Покистон Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Амалдаги Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар турини, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария рухсатномалари рўйхатини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Лаҳор ва Карачидаги савдо уйларидан фаол фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида қишлоқ хўжалиги, электротехника, геология, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда қарийб 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ва “Покистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.










