Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон музокараларининг биринчи босқичи якунланди
Уммон пойтахти Масқатда АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий дастур бўйича ўтказилган билвосита музокараларнинг биринчи раунди якунланди. Унинг якунлари бўйича Теҳрон енгил оптимизм билдирди. «Бошланиши яхши», - деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи жума куни. «Ишончсизлик деворини енгиб ўтиш керак», - деб қўшимча қилди у.
Эрон ТИВ раҳбари Теҳрон ва Вашингтон музокаралари қачон давом этиши кутилaётганини аниқ айтмади. Арақчининг сўзларига кўра, энди ҳар икки мамлакат делегациялари маслаҳатлашувлар учун ўз пойтахтларига қайтиб кетади. Шу билан бирга, Axios нашри манбаси навбатдаги раунд яқин кунларда бўлиб ўтишини маълум қилди.
Уммон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий музокараларни «жуда жиддий» деб атади. Дипломатнинг ёзишича, ҳар икки мамлакат делегациялари билан алоҳида учрашувлар «ҳам эронликлар, ҳам америкаликларнинг нуқтаи назарини ойдинлаштириш, шунингдек, эҳтимолий илгарилаш соҳаларини белгилаш учун фойдали бўлди».
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам музокаралар яхши ўтганини билдирди.
«Биз Эронга доир жуда яхши музокаралар ўтказдик. Эрон кўринишидан келишувга эришишга жуда қизиқмоқда. Бу қандай битим бўлишини кўрамиз», - деди Трамп. Шунингдек, у кутилаётган келишувга эришишнинг тахминий муддати учун АҚШда «вақт етарли» эканини айтди.
Масқатдаги музокаралар Эрон ва АҚШ ўртасидаги таранг муносабатлар фонида ўтди. Теҳрон фикрича, баҳс-мунозара иштирокчилари фақат икки мавзуга — Эроннинг ядровий дастурига ва санкцияларни эҳтимолий юмшатишга эътибор қаратиши керак. Вашингтон эса бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлайди: Эроннинг ракета дастури ва минтақадаги иттифоқчиларига кўрсатаётган қўллаб-қувватлови.
Россияга қарши навбатдаги санкциялар
6 феврал куни Европа комиссияси Россияга қарши 20-санкциялар пакети бўйича ўз таклифини тақдим этди. Ушбу пакет Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқинининг тўрт йиллиги муносабати билан тайёрланган. У Россия нефтининг барча экспорти учун денгиз хизматларига тўлиқ тақиқ жорий этилишини ўз ичига олади.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен янги санкциялар пакети доирасида Европа Иттифоқи «соя флоти» деб аталувчи яна 43 та кемани рўйхатга киритмоқчи. Натижада уларнинг умумий сони 640 тага етади ва Россия учун танкерлар харид қилиш янада мураккаблаштирилади.






