Жаҳон | 14:10
1133
3 дақиқада ўқилади

Норвегиялик дипломат Эпштейн билан боғлиқлик сабаб ишдан кетди

Норвегиянинг Иордания ва Ироқдаги элчиси, 66 ёшли Мона Юул АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилган ҳужжатларда унинг марҳум америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқалари очиқланганидан кейин истеъфога чиқди. Ушбу ҳужжатларга кўра, Юулнинг икки нафар фарзанди Эпштейн васиятида меросхўр сифатида қайд этилган ва ҳар бири 5 миллион доллардан мерос олган.

Мона Юул Фото: Lev Radin/Keystone Press Agency/Global Look Press

Норвегиянинг Иордания ва Ироқдаги элчиси бўлган 66 ёшли Мона Юул АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатлар унинг вояга етмаганларни фоҳишаликка мажбурлашда айбдор деб топилган (ҳозирда марҳум) америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқаларини очиқлаганидан кейин истеъфо берди. Бу ҳақдаги баёнот якшанба куни, 8 февралда Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.

Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан музокаралардан сўнг Юул истеъфога чиқиш ҳақида “тўғри ва зарур” қарор қабул қилди, чунки Эпштейн билан алоқалар “унинг мулоҳаза ва баҳо беришида жиддий хатолар бўлганини кўрсатади”, — деди Норвегия ТИВ раҳбари Эспен Барт Эйде. “Бу унинг хизмат вазифаларини бажариши учун зарур бўлган ишончни қайта тиклашни қийинлаштиради”, — деб қўшимча қилди вазир.

Нашрда, шунингдек, дипломат ўтган ҳафтани ўзидаёқ хизмат вазифаларини бажаришдан четлатилгани айтилади. Ҳозир ТИВ Юулнинг Эпштейн билан, айниқса, вазирлик ходими сифатида, “қанчалик яқин” алоқада бўлганини ўрганмоқда. Собиқ ходима тергов доирасида ТИВ билан ҳамкорликни давом эттиради.

“Эпштейн файллари”да Юулнинг ўзи билан бирга унинг турмуш ўртоғи — 78 ёшли дипломат ва сиёсатчи Тере Руд-Ларсен, шунингдек уларнинг икки нафар фарзанди — Эмма ва Эдвард ҳам тилга олинган. Dpa агентлиги маълум қилишича, Эмма ва Эдвард молиячининг васиятида қайд этилган. Айтилишича, Эпштейн бу васиятни 2019 йил август ойида Ню-Йорк қамоқхонасида ўз жонига қасд қилишидан сал олдин имзолаган. Эълон қилинган ҳужжатлардан кўринишича, ҳар бир фарзанд 5 миллион доллардан олган.

Норвегия ТИВ, шунингдек, вазирлик томонидан АҚШда жойлашган Халқаро тинчлик институтига (IPI) ажратилган маблағлар бўйича текширув ўтказаётганини маълум қилди. Бу институтга 2004–2020 йилларда Руд-Ларсен раҳбарлик қилган. Маълум бўлишича, IPI Эпштейн билан боғлиқ жамғармалардан 650 минг евро хайрия олган — шундан кейин Руд-Ларсен истеъфога чиққан.

Текширувлар бўйича изоҳ берган Юул айтишича, у Эпштейн билан иш фаолияти доирасида танишган ва кейинчалик у билан жуда кам — минимал алоқа сақлаб келган. Юулнинг турмуш ўртоғи эса молиячи билан алоқаларни “жиддий хато” деб атаган. Норвегия ОАВ маълумотларига кўра, Руд-Ларсеннинг Эпштейн билан “шахсий молиявий муносабатлари” бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид